Тожикистон: бир гуруҳ диндорлар устидан ҳукм чиқарилди

Тожикистон мусулмонлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Тожикистонда Ҳизбут таҳрир фаолияти сўнгги йилларда сустлашгани айтилади

Тожикистоннинг Суғд вилояти маҳкамаси Ҳизбут таҳрирга мансубликда кўрилган 11 киши устидан ҳукм чиқарган.

Маҳкамага тортилганлар 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Тожикистонда Ҳизбут таҳрирга мансублар устидан дастлабки маҳкама бундан ўн бир йил олдин бўлиб ўтганди.

Кузатувчилар сўзларига кўра, ўтган давр ичида 600 нафар эркак-аёл Ҳизбут таҳрирга мансубликда кўрилиб, жазога тортилган.

Қамоқ жазосига ҳукм этилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Айни бир пайтда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари тушунтириш ишлари боис Ҳизбут таҳрир фаолияти олдинги йилларга нисбатан сезиларли даражада сусайганини айтишади.

Кузатувчилар фикрича эса, Ҳизбут таҳрир яширин равишда иш кўришга ўтган.

Маҳкамага тортилганлар Тожикистон Жиноий Кодексининг жиноий гуруҳ тузиш ва жиноий гуруҳга аъзо бўлиш, мавжуд қонуний ҳукуматни ағдаришга даъват этиш, миллий, ирқий диний ва маҳаллийчилик негизидаги низолар чиқаришга уриниш, экстремистик ташкилотга аъзо бўлиш каби моддалари билан айбландилар.

Маҳкамага тортилганларнинг асосий кўпчилиги Хўжанд шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан.

Лекин бу гал улар орасида Истаравшан, Мастчоҳ ва Жаббор Расулов туманлари яшовчилари ҳам бор.

Таҳлилчилар Шимолий Тожикистонда Ҳизбут таҳрир ўз таъсир доирасини кенгайтиришга интилаётганини айтадилар.

Ҳизбут таҳрир фаолларидан бири дея кўрилган 42 ёшли Абдухолиқ Муллаев 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

У бундан ўн бир йил олдин Ҳизбут таҳрирга мансубликда кўрилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Маҳкамада Абдухолиқ Муллаевнинг жазо муддати тўлиқ тугашидан илгари озодликка чиққач, яна Ҳизбут таҳрир ғояларини тарқатишда давом этганлиги айтилган.

Абдухолиқ Муллаевдан ташқари жазога тортилган бошқа кишилар ҳам уч йилдан беш йилгача давлат ва хўжалик ишларида мансаб эгаллаш, диний муассасаларда фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум этилдилар.

Маҳкамага тортилганларнинг аксарияти эса ўзларининг имонни мустаҳкамлаш, Исломий билимларини ошириш учун интилганликларини айтганлар.

Ҳизбут таҳрир фаолияти сусаймоқдами?

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот мулозимлари расмий диний ташкилотлар билан биргаликда олиб борилган тушунтириш ишлари боис кейинги йилларда Ҳизбут таҳрир ғояларини тарқатиш сезиларли даражада сусайганини айтишади.

Жумладан, ошкора варақа тарқатишлар ва жамоат жойларида даъват этиш ҳоллари кўринмаётгани таъкидланади.

Айни бир пайтда маҳкамада жазога тортилган Ҳусейнжон Ворисжоновнинг уйидан катта миқдордаги Ҳизбут таҳрир адабиётлари ва варақалари топилгани айтилган.

Жумладан, "Аллоҳ йўлида ўлдирилган киши", "Субҳи хилофат" каби китобчалар, "Шаҳид бўлмоқ", "Каримовнинг Роза Ўтинбоевага табрик хати," каби варақалар мусодара этилган.

Лекин Ҳизбут таҳрирга мансубликда айбланиб жазога тортилаётган кишилар яқинларининг айтишларича, жазо муддатининг кўпайтирилиши ва тергов давомидаги қийноқлар боис Ҳизбут таҳрир яширин фаолият юритишни маъқул кўрмоқда.

Улар бу гапларни айтар эканлар сўнгги маҳкамада тортилган икки йигитнинг йигирма саккиз ёшли эканликларини айтиб, уларнинг кейинги йилларда Ҳизбут таҳрирга аъзо бўлиб киришганини таъкидлашади.