Тожик коммунистлари аёллар байрамининг янги ном билан аталишига қарши

Шоди Шабдолов
Image caption Шоди Шабдоловга кўра, аёллар байрами номи ўзгарган эса-да, унинг моҳияти ўзгармаган.

Тожикистон Коммунистлар партияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида нишонланадиган Халқаро хотин-қизлар куни байрамини эски номи билан аташ талаби билан чиққан.

Ўтган йилдан бошлаб Тожикистонда 8 март - "Оналар куни" номи остида нишонланиши белгиланган.

Тожикистон коммунистлари йўлбошчиси Шоди Шабдолов "Халқаро хотин-қизлар куни" номи остида аёлларнинг сиёсий бирдамлиги мужассам бўлганини айтган. Шоди Шабдолов "Халқаро Хотин-қизлар куни" дунё бўйлаб 100-марта нишонлаётганлигини урғулайди.

Байрам аёлларнинг тенг ҳуқуқлиги, кенг маънодаги эмонципация йўлида уларнинг ҳамжаҳатлиги рамзи бўлганини айтади.

Тожкистонда байрамнинг номи "Оналар куни" деб ўзгартирилиши билан унинг сиёсий шакл-шамойли ўзгарди, дейди жаноб Шабдолов.

"Уни бошқача, тор, миллий тушанчадаги байрам сифатида нишонлашни ҳазм қилиб бўлмайди. Ҳозирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу байрамни "Халқаро аёллар бирдамлик куни," деб расман тасдиқлаган. Бу жуда муҳим. Буларни тушуниш керак, холос", деди Шоди Шабдолов.

Тожикистон коммунистлари йўлбошчиси ҳозирда мамлакатда байрамнинг номи ўзгарган бўлса-да, байрам моҳияти ўзгармаганини таъкидлайди.

"Аёлларимизни табриклаганда сен она, сен она эмассан деб ажратиш мантиққа тўғри келмайди," дейди у.

Шоди Шабдолов ҳали боғча ёшидаги қизалоқлар ҳам эътиборга ўрганишлари кераклигини айтади.

Айни вақтда Шоди Шабдолов оналар куни байрамига ҳам қарши эмас.

"Агар оналар куни байрами эълон қилиниши керак бӯлса, бошқа бирор исталган кунни аташ мумкин эди. Ҳатто 8 мартга яқинроқ бир сана танланса янада яхши бўларди. Сиёсий байрамни ўзгартиришдан кўра бу дурустрок бӯларди", дейди Шоди Шабдолов.

Тожикистон Коммунистлар партияси маъмурияти партия сафидаги барча хотин-қизларни "Халқаро Хотин-қизлар куни" билан табриклаган.

Шунингдек, Россия, Қирғистон ва Қозоғистондаги коммунист аёлларни ҳам анъанавий номдаги байрам билан қутлаган.

"Оналар куни билан, десак, улар ҳеч нарсани тушунмайдилар," дейди жаноб Шабдолов.

Айрим тожикистонликлар эса байрамнинг қандай номланиши аёллар ҳаётига қеч қандай таъсир этмайди, деб ҳисоблашади.

Хотин-қизларни қийнаб келаётган муаммолар – ижтимоий-иқтисодий ҳаёт даражасининг жуда пастлиги, қўшхотинлик ёки эркакларнинг муҳожирлиги ортидан аёллар ва болалар ҳимоясизлиги, ишсизлик, кўплаб хонадонларда хотинга иккинчи даражали шахс деб қаратилиши, қизларнинг тақдирини катталар ҳал қилиши ҳолларга байрамлар ечим топиб беролмайди, дейишади кузатувчилар.