Британиядаги можарода валиаҳд Эндрюнинг Қозоғистон билан алоқалари тилга олинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи andrew
Image caption Шаҳзода Эндрюга босимлар ортмоқда

Британияда Шаҳзода Эндрюнинг мамлакат савдо элчиси лавозимидан истеъфо бериши талаблари кучаймоқда.

Маҳаллий матбуотда Қиролича Елизавета II нинг иккинчи ўғли Шаҳзода Эндрюнинг Британиянинг савдо элчиси сифатидаги фаолияти борасида тобора кўпроқ саволлар ўртага ташланмоқда.

Шаҳзода Эндрюнинг нью-йорклик молиячи Жеффри Эпстайн билан яқин бўлгани ҳақидаги мақолалар эълон қилинди, АҚШда Эпстайн вояга етмаган қизларни фоҳишаликка мажбурлаганликда айблаб маҳкамага тортилди.

Шунингдек, Шаҳзода Эндрюнинг Қозоғистон Президенти куёви Темир Кулибоевга Саннингхил-паркдаги кўчмас мулкини сотгани нақадар шаффоф бўлгани сўралмоқда.

7 март куни Британия Бош вазири Шаҳзода Эндрюни мамлакат савдо элчиси лавозимида тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Бироқ Даунинг-Стрит валиаҳд ҳақида янги фош этувчи материаллар эълон қилинадиган бўлса, Шаҳзода Эндрю Британиянинг савдо элчиси лавозимидан истеъфо беришига тўғри келиши мумкинлигини билдирган.

Британия матбуотига кўра, Қирол оиласининг аъзоси мавқеидан фойдаланган Шаҳзода Эндрю хорижий мамлакатлардаги кўзга кўринган шахслар билан яқин муносабатлар ўрнатган, Британия учун манфаатли шартномалар имзоланишига ёрдам берган.

Айни пайтда валиаҳд ўзининг фойдасини ҳам ёддан чиқармаганини ёзади Британ рўзномалари.

8 март куни "Индепендент", "Телеграф" ва "Таймс" рўзномалари ҳам валиаҳд Эндрюнинг фаолиятига тааллуқли "янги тафсилот"ни очиқловчи мақолалар эълон қилганлар.

"Индепендент" шаҳзоданинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевлар билан муносабатларига назар ташлайди.

"Телеграф" рўзномаси Шаҳзода Эндрю Британиянинг савдо элчилигидан кетиши керак, деб ёзади.

Шаҳзода Эндрюнинг кўчмас мулк олди-сотдиси

Шаҳзода Эндрю 2001 йилда Британиянинг халқаро савдо ва сармоялар бўйича махсус вакили тайинланган.

Шаҳзоданинг дабдабали хорижий сафарлари, булари ҳаммаси британиялик солиқ тўловчилар ҳисобидан бўлаётгани ҳақида анчадан буён танқидлар билдирилиб келади.

Британия матбуотига кўра, Қозоғистон Президенти Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибоев Лондондаги молия марказлари эътиборини Қозоғистонга қаратишда Шаҳзода Эндрю дастагига умид қилган.

Маҳаллий матбуот жаноб Кулибоевни ёқимсиз деб таърифлайди.

43 ёшли Тимур Кулибоев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи Динара Назарбоевага уйланган.

У "Форбс" тузадиган дунёнинг энг бой шахслари рўйхатида 2010 йил 880-ўринни эгаллаган.

Тимур Кулибоев ихтиёридаги бойлик 1,1 миллиард долларни ташкил этади, деб кўрилади.

Тимур Кулибоев Британия жануби-шарқида жойлашган Ascot данғиллама ҳовлисини 2008 йилда Шаҳзода Эндрюдан 15 миллион фунт-стерлингга сотиб олгани эълон қилинган.

Бу ҳовли шаҳзодага онаси Қироличанинг тўй туҳфаси бўлган.

Назарбоев куёвининг кўчмас мулк учун Британ шаҳзодаси сўраган нархдан 3 миллион фунт-стерлинг кўп пул тўлагани хабар қилинган.

Маҳаллий матбуотга кўра, ушбу олди-сотдидан кейин Ascot ҳовлисида ҳеч ким яшамаётганидан у ер ҳувиллаб қолган.