Сув заҳирасига бой Тожикистонда ичимлик сув муаммоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ҳудудида 54 миллиард куб метр сув ҳосил бўлади. Бу Орол ҳавзасидаги дарёлар сувининг 60 фоизини ташкил этади.

Лекин, мамлакат Президенти Имомали Раҳмоннинг сувдан фойдаланишга оид халқаро анжуманлардан бирида таъкидлашича, Тожикистон бу сувнинг фақат 10 фоизини ўз ички эҳтиёжлар учун ишлатади.

Мамлакат сув заҳирасига бой эканлигига қарамасдан Тожикистон аҳолисининг 40 фоиздан кўпроғи тоза ичимлик сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Мамлакат Президенти ичимлик сув масаласи айниқса қишлоқларда ўткир муаммо эканлигини урғулаган эди. Шифокорларнинг айтишларича ичимлик сувнинг етишмаслиги турли юқумли хасталикларни келтириб чиқармоқда.

Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси айни муаммо билан қандай ҳисоблашишади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Кейинги йилларда Хўжанд шаҳридаги дўкондан махсус идишларга қуйилган тозаланган сув сотиб олаётган кишиларни кўриш мумкин.

Шерали Сайдалиев шаҳарликлар учун сув муаммоси деярли мавжуд эмаслигини айтди. Унинг айтишича, ичиш учун дўконлардан тозаланган сув сотиб олаётганлар тобора кўпаймоқда.

Лекин, аксарият қишлоқларда бунинг аксини кўриш мумкин. Халқаро тадқиқотчиларга кўра Бобожон Ғафуров туманидаги тоғ қишлоқларида ичимлик сув масаласи узоқ йиллар давомида ҳал этилиш ўрнига қийинлашиб бормоқда.

Масалан, Катта Айри қишлоғи аҳолиси тоғ бағридаги булоқлардан эшакларда, ҳатто қўлда сув ташиб келади. Тоза сувга етиб бориш учун бир чақирим ва ундан ортиқ йўл босадиганлар бор.

Шундайгина Сирдарё қирғоғига яқин жойлашган Спитамен ноҳиясидаги Ҳаштияк қишлоғи аҳолиси эса сув муаммосини ҳал этиш учун яна ҳовузлар қазиди. Лекин, челакда сув олиб кетаётган аёллардан бири ифлосланиб ётадиган ҳовуз суви қайнатиб ичилмаган тақдирда юқумли хасталиклар келиб чиқишини айтади.

Олдинлари ичимлик суви тозаланиб марказлашган усулда етказиб берилган Жаббор Расулов ноҳиясидаги Ғўлакандоз қишлоғида ҳам кейинги йилларда тоза сув муаммоси ўткирлашиб бормоқда.

Шу қишлоқда яшайдиган Мунира Усмонованинг айтишича, тозаланмаган сув ичиш фақат юқумли хасталиклар эмас, бошқа оғриқларга ҳам сабаб бўлмоқда.

"Қишлоқда ичимлик сув қийинчиликлари кўтарилмайдиган йиғилиш йўқ, одамлар бу борада маҳаллий ҳукуматларга неча бора мурожаат этишган", дейди Мунира.

Тожикистон Президенти сув масаласи ечимини топиш мамлакатда Миллий тараққиёт ва камбағаллик даражасини пасайтириш стратегияси ажралмас қисми саналишини таъкидлаб келади.

Расмий маълумотларга қараганда, суғориладиган майдонлар ва аҳоли бошига ичимлик суви истеъмол қилиш бўйича ҳозирда Тожикистон Марказий Осиёда охирги ўринда туради.