Қозоғистон мухолифати президентлик сайловларини бойкот қилишга чақирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Намойишчилар бугунги масъуллар ўз эътиборлари ва овозларига ҳақли эмасликларини айтишмоқда

Қозоғистон мухолифати шу йилнинг 3 апрел кунига режаланган ва муддатидан олдин чақирилган президентлик сайловларини бойкот этишга даъват этган.

Мухолифат фаолларининг даъвати якшанба куни Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри - Олма ота чеккасида бўлиб ўтган норозилик намойиши чоғида янграган.

Кеча тонгда кичиккина хиёбонда уюштирилган намойишда уч юзга яқин мухолифат фаолларининг иштирок этганликлари айтилади.

Намойишда Қозоғистондаги қатор ноҳукумат ташкилотлар аъзолари ҳам қатнашишган.

Намойишчилар қўлларида яшаш шароитларини яхшилашга чақирувчи шиорлар кўтариб олишган.

Ёшлар эса, иш ҳақларининг оширилиши ва сўз эркинлигининг таъминланишини талаб қилишган.

Намойишчилар озиқ-овқат нархларининг юқорилиги, нафақалар миқдорининг камлиги ва ишсизликдан шикоят этишган.

"Агар масъуллар бизнинг ана шундай шиорлар билан чиқишимизга ҳожат қолдиришган экан, мамлакатнинг табиий захиралари олигархларга тегишли экан, еримизни Хитойга бериш масаласи муҳокама этилаётган экан ва одамлар Қозоғистон халқи қулларга айланиб бораётганини айтаркан, бундан фақат битта хулоса чиқариш мумкин - яъни ўтган 20 йиллик бошқаруви давомида ана шундай вазиятни яратган масъуллар бизнинг эътиборимиз ва овозимизга ҳақли эмаслар," деб айтган мухолифатдаги "Олға" партияси раҳбари Владимир Козлов.

Хабарларга кўра, мухолифат фаолларининг намойишларига расман рухсат берилган бўлган.

Намойишнинг тинч ўтгани, бирор бир кишининг ҳибсга олинмагани айтилади.

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни қарийб чорак асрдан буён бошқариб келади.

Жаноб Назарбоевнинг навбатдаги президентлик сайловларида ҳам ғолиб чиқиши башорат қилинмоқда.

Унинг президентлик ваколати яна икки йилдан сўнг ўз ниҳоясига етади.

Президент Назарбоев яқинда ўзининг бошқарувини нақ 30 йилга етказиши мумкин бўлган референдум таклифини рад этиб, кутилмаганда муддатидан илгари президентлик сайловларини чақирганди.

Қозоғистон мухолифати эса, жаноб Назарбоевнинг бу каби қарори ўзларининг сайловларда ғолиб чиқиш имкониятларини жиддий камайтиришини айтишганди.