Қирғизистонда бугун яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш ўзбекларга қанчага тушмоқда?

Image caption Қирғизистонда ўтган йилдан буён амалда бўлган тартиб-қоидаларда давлат тўловлари фуқароларнинг миллатларига қараб кескин фарқланади

Қирғизистонда июн ойидаги қонли этник низолардан кейин кучга кирган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, четга кетмоқчи бўлган ўзбеклар қирғизларга қараганда 20 баробар кўп давлат тўлови тўлашлари лозим бўлади.

Расмий тартиб-қоидаларга мувофиқ, давлат тўлови этник қирғизлар учун 100 сом, ўзбеклар дохил бошқа миллат вакиллари учун эса, 2.000 сом қилиб белгиланган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, мавжуд ҳолат ўзбек миллати вакиллари ҳуқуқлари топталаётганининг яна бир яққол кўринишидир.

Улар мавжуд тартиб-қоидалар Қирғизистон конституциясига зид экани, масъуллар эса, фақат буйруқни бажаришаётганига оид баҳоналар билан мавжуд вазиятга расман ойдинлик киритишдан ўзларини олиб қочишларини айтишади.

Минглаб кишиларнинг умрига зомин бўлган ва яна кўпларини бор-будларидан мосуво этган ўтган июн ойидаги миллий низолардан асосан ўзбеклар жабр чекишганди.

Қирғизистон жанубидаги масъулларга кўра эса, ўтган июн ойида юз берган этник зўравонликлар ортидан муҳожирлик оқими кескин ортган.

Дейлик, 2010 йилнинг июн билан сентябр ойлари оралиғида қонли низолардан энг кўп жабр кўрган Ўш шаҳрини қарийб 40 мингга яқин киши тарк этган.

Айрим хабарларда Қирғизистон жанубида хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг танг қолаётгани манзарасида уларнинг сони яна йигирма мингга ортгани ҳам айтилганди.

Маҳаллий кузатувчилар, журналистлар ва халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳақиқий рақамлар қирғиз расмийлари келтираётганидан анча кўплигини урғулашади.

Июн ойидаги миллий низолар сабаб, кўплаб турар-жойлар билан бирга одамларнинг тижоратлари ҳам вайрон бўлганди.

Сўнгги расмий ҳисоб-китоблар айнан этник зўравонликлар сабаб Қирғизистоннинг жанубий минтақаларида 20 мингдан ортиқ аҳоли ишсиз қолганлигини кўрсатганди.

Мавжуд вазият ҳам этник низолардан қарийб бир йил ўтиб ҳам катта сондаги ўзбекларнинг бошқа хорижий давлатларга кетишга мажбур қилаётгани айтилади.

Шундай экан, амалда бўлган бу каби тартиб-қоидалар ўзбекларга қандай таъсир қилмоқда?

Биз бу ва бошқа саволлар билан Ўшдаги маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапировга мурожаат этдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди