АҚШ ва Россия Қирғизистон жанубида ўз аксилтеррор марказларини очишмоқчи

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг айтишича, Россия ва АҚШ мамлакат жанубида ўз тайёргарлик марказларини барпо этишади.

Ўтинбоева хонимга кўра, бундан мақсад исломий жангариларнинг минтақага таҳдидларининг олдини олишдир.

Қирғизистон ҳам АҚШ ва ҳам Россия ҳарбий ҳаво базаси жойлашган минтақадаги ягона давлат саналади.

Президент Қурманбек Бакиевни қудратдан четлатган апрел ойидаги қонли тўқнашувлар ва аксарияти ўзбеклардан иборат минглаб инсонларнинг умрларига зомин бўлган қақшатқич миллий низолар ортидан Қирғизистондаги вазият танглигича қолмоқда.

Ўтинбоева хоним Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги миллий адолат ва ишончсизлик ҳануз тангликка сабаб бўлаётган бир пайтда, қўшни Тожикистон ва Ўзбекистонда исломий жангарилик таҳдидининг кучайиб бориши Марказий Осиёдаги беқарорликка қўшимча бўлаётганини айтган.

"Бизни тайёргарликдан ўтказишларига тайёрмиз. Биз террорчиликка қарши қандай қилиб курашишни ўрганишимиз шарт," деб айтган қирғиз раҳбари.

Россия ва АҚШ томонидан қурилажак тайёргарлик марказларининг улар ўзлари томонидан молияланиши айтилади.

Хабарларга кўра, аксилтеррор тайёргарлик марказлари Ўш ва Боткенда қад ростлайди.

Ўтинбоева хоним "Бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқлиги ва ушбу масалада прагматик бўлишлари лозим"лигини айтган.

Тайёргарлик марказлари қурилишининг қанчалик муҳимлигини урғуларкан, Қирғизистон президенти Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларидаги вазият ниҳоятда қалтис эканини урғулаган.

"Ўтган куздан буён муайян сондаги унсурлар...Тожикистонда ва турли хил диний экстремистлар эса, жанубий Боткен чегарасида тўпланишган. Биз ҳозирнинг ўзида чегараларимизни кучайтиришимиз шарт," деб айтган Қирғизистон президенти.

Ҳозир Қирғизистон шимолида, пойтахт Бишкекка яқин жойда Россиянинг "Кант" ҳарбий ҳаво базаси жойлашган.

Пойтахт Бишкек аэропортидаги "Манас" ҳаво базаси эса, бир неча йилдан буён америкаликларнинг ихтиёрида.

Россия томони Қурманбек Бакиев президентлиги даврида (2009 йил) Қирғизистон жанубида янги ҳарбий база ташкил этиш ва унда Россия ҳарбийларини жойлаштиришга оид меморандумни ҳам имзолашга муваффақ бўлганди.

Расмий Тошкент эса, Россиянинг Қирғизистонда иккинчи ҳарбий база барпо этиш режаси Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни беқарорлаштиришини айтиб, бунга ўз норозилигини изҳор этиб келади.

Ўзбекистон томони Россия қуролли кучларининг қўшимча контингентини Қирғизистон жанубида жойлаштиришдан "бирон бир зарурият ва мақбуллик кўрмаётгани" таъкидлайди.

Расмий Москва эса, Қирғизистонда очилиши кутилган ҳарбий базанинг учинчи давлатларга таҳдид эмаслиги, Россиянинг минтақадаги ҳарбий иштироки барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ умумий хавотирлар билан боғлиқ эканини айтади.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон чегараларида Россия кучларининг пайдо бўлиши расмий Тошкентнинг қўшнилари билан зиддиятли масалалардаги мавқеъини заифлаштиради ва минтақада Москва таъсирининг кучайишига олиб келади.