БМТ расмийси Феликс Кулов билан учрашиб, жанубдаги хавфсизлик масаласини мубоҳаса қилди

Ўш шаҳри
Image caption Ўш ўтган июн ойида қонли ҳодисаларга саҳна бўлганди

Қирғизистондаги "Ор - номус" партияси раиси Феликс Кулов БМТ Бош котиби махсус вакили, Марказий Осиё бўйича минтакавий маркази раҳбари Мирослав Енча билан учрашган.

Учрашув пайтида Қирғизистон жанубидаги Ўш ва Жалол-Обод вилоятларидаги вазиятни барқарорлаштириш ва баъзи ҳуқуқ-тартибот кучлари томонидан тинч аҳоли вакилларини ноқонуний ҳибсга олишга диор муаммолар муҳокама қилинди.

Айни пайтда мулозимлар Қирғизистон жанубини қайта тиклаш ва ўтган йил рўй берган миллатлараро низоларга ўхшаш ҳодисаларга йўл қўймаслик борасида ҳам суҳбатлашган.

Ўш шаҳрида хавфсизлик масалалари мубоҳаса этилди

Жума куни Қирғизистон жанубий пойтахти Ўш шаҳрида минтақада хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғин ҳам ўтказилди.

Мазкур мажлисга ҳуқуқ-тартибот ва махсус хизматлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият ҳамда оддий аҳоли вакиллари иштирок этишган.

Ушбу ижтимоий тадбирда муҳокама қилинган асосий масалалардан бири - ўтган йилнинг июн ойида кечган миллатлараро қонли низоларга бундан кейин йўл қўймаслик ва минтақа аҳолисини жуда катта хавотирга солган турли гап-сўзларни олдини олиш бўлди.

Йиғинда қатнашган бир қатор оддий шаҳарликлар ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан жанубда яна зўравонликлар бўлиши мумкинлигига оид гап-сўзлар нақадар асосли эканлиги ва мазкур хабарларнинг манбаларини ошкор этишни талаб қилишган.

Йиғилганлар олдида чиқиб гапирган Қирғизистон Миллий Хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси раиси ўринбосари Марат Иманқулов хавотирларга мутлақо асослар йўқ ва вилоят, умуман, мамлакат жанубидаги вазият тинч эканлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга хавфсизлик мулозими йиғилганларни иғвогарлик мақсадларда тарқатилаётган ҳеч қандай миш-миш гапларга ишонмасликга чақирди.

Ўтган йил Қирғизистон жанубида содир этилган қонли миллатлараро низодан сўнг мунтазам равишда бутун давлат бўйлаб "июн воқеалари такрорланади" деган гаплар тарқала бошлаган. Ҳукумат идораларига хавотир билан мурожаат этган оддий аҳолига маҳаллий ҳокимият вакиллари вазият тегишли тизимлар вазиятни назорат қилаётганларини айтиб, бундай турли овозаларга ишонмасликга ундаб келишмоқда.

Лекин, яқинда миллий телевидениеда чиқиш қилган Президент Роза Ўтинбоева бутун халққа мурожаат қилиб, мамлакат жанубида баъзи кучлар томонидан ҳар хил иғвогарлик ҳаракатларини тайёрланганлиги борасида огоҳлантирганди.