Қирғизистон 'газ ширкатини Россиянинг 'Газпром'ига сотишга тайёр'

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption "Киргизгаз" акцияларининг 75 фоизини Россиянинг "Газпром"ига сотишга тайёр эканини айтмоқда

Қирғизистон давлатга қарашли "Киргизгаз" ширкатининг 75 фоиз ҳиссасини Россиянинг "Газпром" ширкатига сотишга тайёр эканини билдирган.

Бу ҳақда Россиянинг бир қатор оммавий-ахборот воситалари Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаевнинг сўзларига таяниб, хабар тарқатишган.

Жумладан, РИА Новости жаноб Атамбаевнинг, "Биз "Киргизгаз" ширкатининг 75 фоиз акциясини сотишга ҳозир эканимиз борасида "Газпром" билан бир тўхтамга келдик," деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Хабарларга кўра, Қирғизистон Бош вазири бу ҳақда россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Москва ташқарисида бўлиб ўтган учрашуви чоғида баён қилган.

Россиянинг "Коммерсант" газетаси жаноб Атамбаевнинг баёнотини шарҳларкан, шу йил охирларига режаланган президентлик сайловлари арафасида ижтимоий тангликларнинг олдини олиш учун қирғизистонлик масъуллар жон-жаҳдлари билан иқтисодий ёрдам илинжида эканликлари ҳақида ёзган.

"Худди шунинг учун ҳам бу йилги экин-тикин мавсуми олдидан Қирғизистон Россиядан ҳеч бир солиқ ёки божхона тўловларисиз ёқилғи сотиб олмоқчи. Лекин расмий Бишкекнинг бирор бир чегирмага эга бўлиш-бўлмаслиги жаноб Атамбаевнинг эвазига Россияга нима таклиф этишига боғлиқ," дейди "Коммерсант" ишончли манбаларга иқтибосан.

Россия қатор масалалар юзасидан Қирғизистон олиб бораётган сиёсатдан мамнун эмас.

Уларнинг орасида АҚШнинг "Манас"даги ҳаво базаси, Қирғизистон жанубида ўз аксилтеррор марказини очиш режаси ва расмий Бишкекнинг муҳим ширкатлари акцияларини Россияга сотишга рўйхўшлик бермай келиши каби масалалар ҳам бор.

Қирғизистонда президентлик сайловлари шу йилнинг октябр ойига режаланган.

Аммо ўтган йил мамлакат конституциясига киритган тузатишларга мувофиқ, Қирғизистонда ҳозир парламент бошқаруви амал қилади.

Табиий захиралари кам бўлгани боис, Қирғизистон сурункали энергия тақчиллигидан азоб чекиб келади. Газни асосан Ўзбекистондан сотиб олади.

Айрим маълумотларга кўра, "Киргизгаз" ширкати ҳиссаларининг 80 фоиздан ортиқроғи давлатнинг ихтиёридадир.

Бу битим амалга ошган тақдирда, Россия ва Қирғизистон учун нимани англатади? Биз ушбу масала билан "Ўзбекнефтегаз" ширкати раҳбарининг собиқ муовини Анвар Ҳусаиновга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди