Қозоғистон шимолидаги қамоқхонада 7 маҳкум ўз таналарига жароҳат етказди

Қозоқ маҳбуслари

Қозоғистон шимолидаги Кустанай шаҳрида жойлашган қаттиқ тартибдаги ахлоқ тузатиш колониясида бир вақтнинг ўзида 7 маҳкум "ички босимлар туфайли" ўз таналарига жароҳат етказган.

Бу ҳақда Қозоғистон Адлия вазирли матбуот хизмати маълум қилган.

"Етти маҳкум ўз қўл томирлари ва қоринларини кесиб ташлашган. Жароҳатлар унчалик хавфли эмас. Барча маҳкумларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилди," - дейилади хабарда.

Матбуот хизмати хабарига кўра, етти маҳкум "қамоқхона тартиб-қоидаларига бўйсунмаган беш маҳкум босими остида" ўз таналарига жароҳат етказган.

Адлия вазирлигига кўра, беш маҳкумнинг "жисмонан йўқ қилиб ташлаш таҳдидлари остида" етти шахс мазкур амалга қўл урган.

Bnews.kz интернет саҳифасининг маълум қилишича, ҳозирда маҳкумлардан яккалаб қўйилган ҳодиса ташаббускорлари мазкур амалда тўғридан-тўғри иштирок этишмаган.

Маҳкумлар Кустанай ахлоқ тузатиш колониясида уларга нисбатан тазйиқ ва таъқибларнинг тўхтатилишини талаб қилганлар.

Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ўтган ойлар ичида мамлакатнинг қатор жазони ўташ муассисаларида ўнлаб маҳкумлар қамоқхоналардаги шароитларга эътирозан ўз қўл томирларини кесиб ташлаганлар.

Қийноқлар

Ўтган йил июл ойида Ақмола вилоятида 14 маҳкум ўз томирларини очиб ташлашган.

Мазкур ҳодисадан аввалроқ Қозоғистон шимолида 38 маҳкум қамоқхонадаги шароитга эътирозан ўз таналарига жароҳат етказишган эди.

"Қозоқ қамоқхоналаридаги вазият ўзининг инқирозий нуқтасига етди," дейди собиқ маҳбус, ҳозирда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланаётган Вадим Курамшин.

"Тизим туб ўзгаришларни тақозо этади, бироқ ҳеч ким ҳеч нарса қилгиси келмайди," дейди у.

"Қийноқлар кенг тарқалган. Қамоқхона маъмурияти амалларига қарши шикоятларни кўриб чиқиш механизми умуман ишламайди. Маҳкумлар шикоятлари мутлақо эътиборсиз қолади," дея илова қилади Вадим Курамшин.

Вадим Курамшин маҳаллий ҳокимиятни коррупцияда танқид қилгани учун тўхмат қилишда айбланиб, умрининг тўрт йилини панжаралар ортида ўтказган.

"Мени Атбасар қамоқхонасида тўққиз кун давомида вахшийларча қийноққа тутишганди," деб эслайди инсон ҳуқуқлари фаоли.

БМТ хавотирлари

Қозоғистон қамоқхоналаридаги энг асосий муаммолардан бири уларда маҳкумлар сонининг ҳаддан зиёд эканидир.

Қийноқлар бўйича БМТ махсус маърузачиси Манфред Новак ҳисоботига кўра, Қозоғистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони Оврўпо мамлакатларидаги маҳкумлар ададидан тахминан уч баробар кўпдир.

2010 йил бошида Қозоғистон қамоқхоналаридаги маҳкумалар сони 64 мингга яқин бўлган. Расмийлар сўнгги авф фармонидан кейин маҳкумлар сони 60 мингдан камроққа тушганини айтишади.

Кўплаб қамоқхоналар Совет даврида қолган. Маҳкумлар 100 кишига мўлжалланган баракларда ушлаб турилади.

"Кўплаб жазони ижро этиш муассисаларида маҳкумларга 10 ёки 12 кунда бир марта ҳаммом қилиш имкони берилади. Маҳкумларга бериладиган кийим-кечакларнинг аксари эскирган, озиқ-овқатлар эса етишмайди," дейилади БМТ маърузачиси ҳисоботида.

БМТ маърузачиси Қозоғистон ҳукуматини маҳкумлар шикоятларини ўрганиб чиқиш бўйича мақбул механизм ишлаб чиқишга чақирган.

Бироқ Қозоғистон ҳукумати айни масалада аллақачон самарали тизим ишлаб чиқилганини айтади.

Қозоқ расмийлари жазони ўташ муассисаларида камчиликлар борлигини эътироф этсалар-да, вазият борган сайин яхшиланаётганини таъкидлашади.