Қозоғистон ҳукумати яна ўн мингдан ортиқ маҳбусни авф этишга қарор қилган

Image caption Янги умумий авфда яна ўн мингдан ортиқ маҳбуснинг озод этилиши кутилмоқда

Қозоғистонлик масъулларнинг айтишларича, мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги санаси муносабати билан 13.000 га яқин маҳбус авф этилади.

Сўнгги янгилик Қозоғистон Бош прокурорининг биринчи муовини томонидан Иоган Меркел томонидан эълон қилинган.

"Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан жорий пайтда қамоқ жазосини ўтаётган 2.200 га яқин маҳкум ва жиноятлари оғир бўлмаган 10.600 нафар қонунбузар авф этилади," деб айтган жаноб Меркел.

Қозоғистонлик масъулга кўра, сўнгги авф ижтимоий жиҳатдан ожиз гуруҳ вакиллари, яъни вояга етмаган ўсмирлар, ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар, нафақахўрлар ва бир умрга ногирон бўлган маҳкумларни кўзда тутади.

Яна авфга оид буйруққа асосан муайян таснифдаги жиноятлар енгиллатилади ва вояга етмаган ўсмир жиноятчиларга қарши бораётган маҳкама жараёнлари тўхтатилади.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев март ойининг ўрталарида авфга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини мамлакат Хавфсизлик Кенгаши зиммасига юклаганди.

Қозоғистон ўз мустақиллигини эълон қилган 1991 йилдан буён мамлакатда олти бор умумий авф эълон қилинган. Улардан сўнггиси 2006 йилга тўғри келади.

Ўшанда президент Нурсултон Назарбоевнинг авф тўғрисидаги фармонига мувофиқ 34.000 маҳбус озод этилганди.

Айрим маълумотларда Қозоғистон қамоқхоналаридаги жаъми маҳбусларнинг сони 60.000 дан ортиши айтилади.

Қозоғистон умумий аҳолисининг сони эса, 16.4 миллион кишини ташкил этади.

Сўнгги янгилик маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари Қозоғистон қамоқхоналарида вазият инқирозий нуқтага етганлигини таъкидлаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўтган яқин ойлар ичида Қозоғистоннинг қатор жазони ўташ муассасаларида қамоқхоналардаги шароитларга эътирозан ўнлаб маҳкумлар ўз қўл томирларини кесиб ташлаганликлари хабар берилганди.

Ўз навбатида, Қозоғистон президенти қошидаги Инсон ҳуқуқларини сақлаш ҳайъати мамлакат масъулларини ўлим жазосини буткул бекор қилишга ҳам даъват этган.

Қозоғистонда ўлим жазоси инсонларнинг умрларига зомин бўлган террорчилар ва қуролли низолар чоғида оғир жиноятларга қўл урган шахсларга берилади.