Қирғиз ҳукумати очлик эълон қилаётган маҳбусларнинг яқинларини қабул қилди

Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги Ҳукумат уйи қаршисида намойиш ўтказаётган давлат қамоқхоналарида очлик эълон қилган маҳбусларнинг қариндош-уруғларини ҳукумат аъзолари ва Олий Кенгаш раҳбарияти қабул қилган.

Улар бугун ҳам ўз норозилик намойишларини давом этдиришган ва расмийлар уларнинг муаммоларига қулоқ тутишга ҳозир эканликларини эшитиб, улар чиқишларини вақтинчалик тўхтатишган.

Бугун Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева ҳам миллий телевидение ва радио орқали чиқиш қилган.

- Норозилик намойиши иштирокчилари орқасида уларни Ҳукумат Уйига қадар етаклаб келаётган жиноий гуруҳ раҳбарлари турганлиги ойдин бўлган ва бу ҳақда қўлларидаги маълумотлар етарли. Жиноий доираларнинг қаршиликларига қарамай, мамлакат дадил кураш олиб боришдан қайтмайди ва бу кураш қонун, тартиб ғалабаси билан якунланишига омма халқни ишонтира оламан,” деб айтган Роза Ўтинбоева.

Аввалроқ Жазоларни ижро этиш давлат хизмати мулозимлари ҳам қамоқхоналардаги маҳбусларнинг қариндош-уруғлари ўтказаётган норозилик намойишларини жиноятчилар етакчилари, хусусан, Қамчи Қулбоев уюштирмоқда, деган.

Шу билан бирга, бугун матбуот анжумани ўтказган “Люстрация” нодавлат бирлашмаси раиси Таалайбек Айдаров ҳуқуқ-тартибот кучларини дарҳол ижтимоий тартибни қайта тиклашга ундади.

- Мана, шу тўхтовсиз содир этилаётган норозилик намойишларига мен тўғридан-тўғри қаршиман. Биз қонуний равишда тегишли идораларга мурожаат этиб, шу тадбирларни тўхтатишимиз керак. Лекин улар ўз намойишларини тўхтатишмаса ва ушбу талабимиз қониқтирилмаса, энди намойишларга биз чиқамиз, дейди у.

Мазкур ахборот анжуманининг яна бир иштирокчиси Эмил Маҳмудов эса, маҳкама қарорлари билан озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг ҳар қандай норозилик намойишлари уюштиришларига қарши эканлигини билдирган.

- Қамоқхонадаги маҳбусларнинг ўзлари айтган ишни давлат ҳокимиятини мажбурлаб, хоҳлагандай қилдиришга мутлақо ҳақлари йўқ. Мана, менга қарши тахминан беш йил аввал жиноятчилар ҳужум қилишган. Тергов идораси шу пайтгача айбдорларни жазоламаган. Лекин мен шу туфайли очлик эълон қилмаяпман-ку. Аксинча, фақат қонун асосида ҳаракат қилмоқдаман. Айни дамда содир этилаётган ҳодисалар бизнинг ғазабимизни қўзғаяпти, дейди у.-

Ўтган жума куни Қирғизистондаги қатор қамоқхоналарнинг маҳбуслари очлик эълон қилишган ва улар ўз амалларини “қамоқхоналардаги чидаб бўлмайдиган шарт-шароитлар” билан тушунтиришган.

Оммавий очлик бошлангандан бери бир неча маҳбуслар жон берган, улардан йўқ деганда иккитасининг ўлимини мулозимлар “оғир сил хасталиги оқибатлари” билан изоҳлашган.

Ҳукумат мулозимлари маҳбусларнинг оммавий очлик тадбирини, “сўнгги ойларда давлатнинг жиноятчиликка қарши кескин курашига қаршилик,” дея тасвирлашган.

Сўнгги беш йил давомида мамлакатдаги ўн олтита қамоқхонада турли сабабларга боғлиқ кўплаб оммавий тартибсизлик ҳоллари кузатилган.