Тожикистон мактаблари ҳақида ўқитувчи, ўқувчи ва ота-оналар нима дейди?

Тожикистонда умумтаълим мактабларида таълим савияси пастлиги ўқитувчиларнинг маошлари ҳамда аҳоли ижтимоий-иқтисодий аҳволи ночорлиги билан изоҳланади.

Қашшоқлик авж олган айрим минтақаларда мактаб ёшидаги болалар, хусусан, қизларнинг мактабга умуман қўйилмаганлиги кузатилади. Айни вақтда ўқитувчиларнинг ота-оналарнинг бепарволиклари ҳақида айтишади. Болалар нима учун мактабга бормайдилар?

Наврўз муносабати билан берилган ҳафталик таътилдан сўнг мактаблар яна шовқин-суронга тўлган. Лекин 11 ёшли Азиза исмли мана бу қизалоққа мактаб қўнғироғи ҳеч нарсани англатмайди. Чунки, қизалоқ ҳеч қачон мактабга бормаган. Азиза мактабга бормаслиги сабабини онаси қўймаслигида деб билади.

У бугун ўзидан каттароқ ёшдаги тўрт қишлоқдоши билан Душанбега келган. Азиза хонадонлардан "қолган-қутган нонларни йиғиб", яна қишлоқларига қайтишларини айтади. У Варзоб туманининг Чиғатай қишлоғида яшайди.

- Қишлоғимизда қизлар ўқишмайди. Фақат ўғил болалар ўқишади. Қизлар адирга боришади, у ерда мол-ҳолга қарайдилар. Кейин уй ишларига қарашишади. Гоҳида нон йиғиш учун шаҳарга ҳам келамиз, - дейди Азиза.

Душанбеда яшовчи кизлар орасида мактаб остонасини умуман ҳатламаганларини топиш қийин бўлса-да, 4-5 синфдан сўнг, мактабга юборилмаган қизлар кам эмас. Аслида 11- синфда ўқиши керак бўлган Насиба ҳам фақат 5 -синфгача мактабга борган.

- Бир гал математикадан мисолни қўлимга ёзиб ечганимда ўқитувчимиз стулнинг оёғи билан елкамга урди, елкам кўкариб кетди. Аямга айтмадим. Лекин икки хафтача мактабга бормадим. Кейин келсам, уришиб яна урди, бу гал ёмон урди. Охири аямларга айтдим...Бошқа синфга олиб қўйишди. Бу сафарги ўқитувчимиз яхши эди, лекин бир йил ўтгач, у Москвага кетди. Яна ўша биринчи ўқитувчимиз дарс ўтишини билиб мактабга бормай қўйдим, - дейди Насиба.

Image caption Насиба

Насиба яшаётган уйнинг ўзида 5 нафар қизни яқиндан буён мактабдан олиб қолинганлигини айтади.

"Уларни ҳам калтаклашганми ёки айнан қиз бола бўлишгани учун шундай муносабатми?" дея сўрайман Насибадан.

"Йўқ, бугунда таъминот қийин бўляпти", дейди 16 ёшли қиз худди ёши бир жойга бориб қолган одамникидек оҳангда.

- Ҳаммасининг сабаби битта - пулимиз йўқ, кучимиз етмайди, дейишади. Қизлар эса, ўқишни исташади, зеҳнлари кучли. Масалан, бир қўшнимизнинг 7-синфда ўқиши керак бўлган қизи бу йил мактабга бормай қўйди. Отаси мардикор бозорда, ҳар куни ҳам иш бўлавермайди, онаси уйда. Бу қизгина онаси билан бирга одамларнинг уйларини тозалаб беради, кир-чирини ювади. Бошқа қўшни қизлар ҳам айнан йўқчилик туфайли мактабга боришмаяпти, - дейди Насиба. Кузатувчилар фақат қизлар эмас, балки ўғил болалар ҳам мактабга бормай қўйган ҳоллар кам эмаслигини таъкидлашади.

Тожикистон Маориф вазирлиги маълумотларига кўра, хозирда мактаб ёшидаги 50.000 нафар ўғил-қизлар турли сабаблар билан таълим олишдан маҳрум қолмоқда. Урмаслик учун пора Душанбенинг чекка ҳудудида яшовчи 65 ёшли Кубаро холанинг ўндан ортиқ набираси мактабга боради.

Онахон ҳозир мактаблардаги тартиб-қоидалар ўз фарзандлари ўқиган пайтдагидан кескин фарқ қилишини айтади.

- Муаллимлар яхши дарс беролмайди. Дарс вактида фақат бир-бирларининг синфларига ўтиб гап-гап… Болалар ҳеч нарсани билишмайди. Ўша муаллимлар аввал ўзи тузук билсин! Агар шу сентерлар яхши бўлмаса, бизнинг жойларда болаларимиз ваабще ҳеч нимани билмайди. Муаллимлар дарс беролмайди, фақат пул йиғадилару, бошқа ҳеч нима," дейди онахон.

Аёл болалар ҳеч бўлмаганда ярим савод ҳам олиши керак, деб ҳисоблайди ва болаларни ўқитувчилари урмаслиги учун совға-салом қилиб туришларини айтади. "Бўлмаса, бола билан қасд бўлади," дейди у.

Қизлари Душанбедаги 5-умумтаълим мактабида ўқийдиган мана бу аёл муаллималар ўқувчиларига куракда турмайдиган гапларни айтишади, дейди.

- Фарзандларимдан эшитаман. Муаллималар оғизларидан жуда беъмани, беҳаё гаплар чиқаркан. Ўқитувчи бир синф бола олдида ўқувчисига қанжиқ деса, бу нима гап? дейди аёл.

"Муаллима деган ўқиган одам, сал саводи бор одам, тушунтириб, ўзининг фарзандидай дарс бериши керак," дейди аёл. Аёл Махфиратхон исмли қизининг қулоғини ўқитувчиси тортиб йиртганлигини ҳам айтди. "Шифохонага олиб бориб тиктирдик," дейди у.

Тожикистонда ўқитувчи бўлиш осонми?

Бир қатор кузатувчилар Тожикистондаги мактабларда таълим савиясининг пастлигини ўқитувчиларнинг маошлари ўта пастлиги билан изоҳлашади.

Айнан шу нарса нисбатан кучли кадрларнинг бошқа соҳаларга ўтиб кетишига сабаб бўлмоқда, дейилади.

"Маош 5-10 фоизга оширилса, бозорларда нарх 15-20 фоизга ошади, дейди ўқитувчилардан бири.

Нисбатан кучлироқ ёш мутахассислар эса, олийгоҳдан сўнг мактабга эмас, Россияга ишга жўнашни афзал билишади. Ҳозирда 1 ставкада ишлаётган ўқитувчи 50 доллар атрофида маош олади. Шу сабабли у сатавкасини ошириш, қўшимча иш олиш ортидан бўлади. Бу эса табиийки, таълим сифатига таъсир кўрсатади.

Пойтахтдаги 52-мактаб ўқитувчиси Музаффаршоҳ Шукраков "Таълимнинг сифатли бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ бўлади. Энг аввало ота-оналар мактаб билан мунтазам ишлашлари керак," деб айтади.

- Ўқувчиларимизнинг қарийб 20-30 фоизининг оталари муҳожиратда. Оналар эса, болаларни назорат қила олмайдилар. Яъни вақтлари етишмайди. Бола ҳаммаси бўлиб 5-6 соат мактабда бўлади. Қолган вақтда у ўз устида ишлаши, дарс тайёрлаши кераклиги хонадонда тушунтирилиши, назорат қилиниши лозим. Айрим ота-оналарни эса, йилда бир марта кўрамиз, дейди жаноб Шукраков.

Душанбеда турли гимназия ва лицейлар фаолияти йўлга қўйила бошланаяпти.

Аммо бу хил таълим даргоҳлари расман пулли деб белигиланган.

Оддий оилалар фарзандлари бундай даргоҳларга қатнаши қийин.

Ўғлини оддий мактабдан олиб гимназияга берган Гавҳар катта ваъдалар билан очилган гимназия умумтаълим мактабидан фарқ қилмайди, деб таъкидлайди.

Душанбеда мактаблардаги янгилик - директор кабинетида кузатув камералари қўйилган.

Камера орқали болаларнинг дарсга кириши, ташқарида, йўлакда ўзини тутиши кузатилади.

Маорифчилар бу хил усул таълим савияни кўтаришга хизмат қилади, деб айтишмоқда.