Янги лавозими тожик президенти ўғлининг сиёсий амбицияларига қандай таъсир қилади?

Image caption Маҳаллий экспертларга кўра, ўз ўғлини яна бир янги лавозимга тайин этиши Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўз қудратига бўлган ишончини англатади

Рустам Раҳмон Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизматининг контрабанда ва божхона қоидаларининг бузилишига қарши кураш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланиши муносабати билан унинг Душанбе шаҳар кенгаши депутати мақоми бекор қилинди.

Ушбу қарор Душанбе шаҳар халқ депутатлари кенгашининг сўнгги мажлисида қабул қилинди.

Аён бўлишича, Тожикистон қонунчилигига мувофиқ, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари бир вақтнинг ўзида ҳам куч тизимларида ишлаб, ҳам бирор бир даражадаги қонунчилик идорасига сайланиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Айни ўринда Тожикистон ҳукумати қошидаги Божхона хизмати ҳам куч тизимлари таснифига киради.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич фарзанди Рустами Имомали 2010 йилнинг феврал ойида Исмоили Сомоний тумани сайлов округи томонидан шаҳар халқ депутатлари кенгашининг депутати этиб сайланганди.

Унинг номзоди Тожикистоннинг бошқарувдаги Халқ демократик партияси туман бўлими томонидан депутатликка илгари сурилганди.

Депутат этиб сайланган чоғда 24 ёшли Рустами Имомали Тожикистон ҳукумати қошидаги Сармоялар ва давлат мулки бошқаруви қўмитасида кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Хабарларга кўра, янги лавозимга тайин этилиши муносабати билан Тожикистон президенти ўғлининг Халқ демократик партиясига аъзолиги бекор қилинади ва партия марказий ижроий қўмитаси сафларидан ҳам чиқарилади.

Рустам Имомалининг 2009 йил охирларида Халқ демократик партияси марказий ижроий қўмитаси таркибига киритилиши унинг босқичма-босқич катта сиёсатга кириб келиши сифатида талқин этилганди.

Аммо айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Рустам Имомали Тожикистон Ёшлар Иттифоқи раисининг ўрибосари ҳамдир. Ёшлар Иттифоқи Тожикистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлган ягона жамоат ташкилоти саналади.

Маҳаллий экспертларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, қатор ваколатларидан маҳрум бўлиши Рустам Имомалининг сиёсий амбицияларига таъсир қилмаслиги мумкин.

Уларнинг айтишларича, Тожикистон Божхона Хизмати давлат бюджетини таъминлаётган муҳим соҳалардан бири ҳисоблангани боис президент Имомали Раҳмон хизматнинг ана шу муҳим бўғинини ўз ўғлига ишониб топширмоқчи бўлган.

Айрим норасмий маълумотларга кўра, товарларнинг 30-35 фоизга яқини Тожикистонга контрабанда йўли билан келтирилади.

Президент Имомали Раҳмон ўғлининг яна бир янги лавозимга тайинланиши эса, мамлакат мухолифати ва оммавий-ахборот воситалари томонидан жиддий бир муносабатга сабаб бўлмаган.

Маҳаллий таҳлилчилар эса, Яқин Шарқда кечаётган халқ норозиликлари манзарасида ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўз ўғлини яна бир муҳим лавозимга тайин этиши унинг ўз қудратига бўлган ишончини англатишини айтишади.

Тожикистонда кузатилаётган бу каби ҳолат, бошқа томондан, Марказий Осиёнинг яккаҳоким тузумларида шаклланган анъана доирасида ҳам кўрилади.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова яқинда Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси этиб тайинланганди.

У олдин мамлакат ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили бўлиб ишлаган.

Қозоғистон Президентининг тўнғич қизи Дариға Назарбоева эса, отасининг партиясида юқори лавозимни эгаллаган.