Роғун лойиҳаси хавфи ҳақида жиддий огоҳ

Image caption Роғун электростанциясини қуриб битказиш учун тожик расмийлари аҳоли маблағларини ҳам жалб этганлар.

Ўзбекистондаги "Гидропоект" очиқ ҳиссадорлик жамияти раҳбарининг огоҳлантиришича, Тожикистондаги Роғун электростанцияси жорий мавжуд лойиҳа асосида қурилса минтақа учун жиддий хавфни келтириб чиқариши мумкин.

Тошкентдаги "Гидропроект" маркази мудири Сергей Жигаревнинг маҳаллий рўзномалардан бирида чоп этилган мақоласига "Роғун лойиҳаси Марказий Осиё учун цунамини англатади", дея сарлавҳа қўйилган.

"Агарда Роғун электростанцияси қурилиши назарда тутилган минтақада кучли зилзила рўй берса 335 метрлик сув босими кескин ошиб, тўғон чидам бермай қолиши мумкин ва улкан сув тошқини минтақа учун цунамидек хавфни келтириб чиқаради", дейилади жаноб Жигарев мақоласида.

Би-би-сининг бу қадар жиддий огоҳларга қандай асослар бор, деган саволига жавоб берар экан, жаноб Жигарев Роғун электростанициясини қуриш режаланган ҳудудда тектоник бўлинишлар кўп эканлиги сабабли сейсмик жиҳатдан хавфли ҳисобланишини айтди.

Тожик расмийларининг минтақада 6 баллдан юқори зилзила кутилмаслиги ҳақидаги даъволарини эса жаноб Жигалев асоссиз, дея айтди.

Тектоник бўлинишдан ташқари у ерда туз қатлами ҳам пайдо бўлган, деб айтди жаноб Жигалев.

Унга кўра 9 баллик зилзила рўй берган ҳолатда тўғон бузилса баландлиги 100 метрдан кўпроқ кучли тўлқин дарё ўзани бўйлаб пастга отилади ва Норак гидроузелидаги тўғонни ҳам вайрон этиш кучига эга бўлиши мумкин.

"Бизнинг ҳисоб китобларимизга кўра, тўлқин Орол денгизига қадар етиб келиши ҳам мумкин", дейди "Гидропроект" раҳбари.

Жаноб Жигаревга кўра, Роғун лойиҳасини бундан 30 йилча аввал айнан "Гидропроект" маркази ишлаб чиққан, лекин бу каби лойиҳаларни ишлаб чиқиш узоқ муддатли жараёндир ва вақт ўтган сари янги омиллар ва жиҳатларни албатта назарга олиш керакдир.

Мутахассисга кўра, Роғун лойиҳасининг қурилиш жараёнида жуда кўп табиий ўзгаришлар рўй берган.

"Роғуннинг дастлабки лойиҳасининг муаллифларидан бири сифатида ҳозирда пайдо бўлган бир қатор янги омилларнинг инобатга олинмаётгани мени қаттиқ хавотирга солади. Биз лойиҳани ишлаб чиқаётганда бир қатор башоратлар қилинган бўлса, ҳозирда амалда бошқа омиллар мавжуд", дейди Сергей Жигалев.

"Гидропроект" раҳбарига кўра, бу борада маълумотларни Роғун лойиҳаси бўйича халқаро текширувларни ўтказган бир қатор ширкат ва ташкилотлар эътиборига ҳам ҳавола қилган.

Сергей Жигалевнинг айтишича, Роғун лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, тўғон баландлигини анчайин пасайтирилган шаклда амалга ошириш мақсадга мувофиқроқдир.

Ана шу ҳолда сувга эҳтиёжи бор паст оқимдаги мамлакатлар учун сув танқислиги юз бериши эҳтимоли ва табиий офат натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган хавфни ҳам пасайтириш мумкин.

"Халқаро мутахассилар ҳам тўғон баландлигини 175 метрдан оширмаслик ҳақидаги фикрга эгалар. Шунинг учун Роғун қурилиши ва кейинчалик эксплуатацияси жараёнига ҳам халқаро мутахассилар бош қўшишса мақсадга мувофиқроқ бўлади", деди "Гидропроект" маркази раҳбари Сергей Жигарев.