Қозоғистонда мухолифат фаолларига ҳужум қилганлар қамоқ жазосига ҳукм этилди

Хабарларга кўра, Қозоғистонда муддатидан илгари чақирилаётган президентлик сайловларига норозилик билдириб, намойишга чиққан мухолифат фаолларига ҳужум қилганликлари учун уч нафар ёш йигит бир ҳафталик қамоқ жазосига ҳукм этилишган.

Барчаси 19 ёшда бўлган судланувчилар безориликда айбдор, деб топилишган. Маҳкама ҳукми эса, президентлик сайловларига саноқли кунлар қолган бир пайтда янграмоқда.

Президент Нурсултон Назарбоев дохил тўрт номзод иштирок этаётган сайловлар шу якшанба куни - 3 апрелга режаланган.

Ҳодисанинг ўзи эса, 11 март куни шимолий Павлодар шаҳрида юз берганди.

Учовлон норозилик акциясида иштирок этиш учун шаҳар марказига кетаётган Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган "Олға" партиясининг бир гуруҳ фаолларига ҳужум қилишган.

Партия аъзоларига кўра, улар фаоллар кўтариб кетаётган ва "Мен овоз бериш учун бормайман," деган сўзлар ёзилган шарларни ёриб ташлашган.

Фаолларни ҳақоратлашган, калтаклаш билан қўрқитишган ва улар олиб кетаётган видео камерани синдирмоқчи бўлишган.

Уларнинг ҳужумлари оқибатида бир киши тан жароҳати олганди.

"Олға" партияси бўлажак президентлик сайловларини бойкот қилишга даъват этиб, турли норозилик чиқишлари уюштириб келади.

Қолган мухолифат партиялари ҳам "Назарбоев шоуси" эканини айтиб, сайловларни бекор қилишга чақириб келишади.

Ўз ўрнида Қозоғистон давлат матбуотида чоп этилган сўнгги баёнотида президент Назарбоев мамлакатдаги бир чеккага сурилиб қолган сиёсий партиялар ва парламентнинг ваколатини кучайтиришга ваъда берган.

Қозоғистонни собиқ Шўролар Иттифоқи давридан буён бошқариб келаётган жаноб Назарбоев, "мамлакат сиёсий тизими, парламенти, сиёсий партиялари, маҳаллий масъулларининг ролини изчил равишда ошириб бориш ва адлия тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш" ниятида эканини билдирган.

Қозоғистон президенти иқтисодий тараққиёт ва барқарорлик бирламчи масала эканини айтиб, йилларки демократик ислоҳотларга оид даъволарга жиддий қулоқ тутмай келади.

Шу пайтгача Қозоғистонда бўлиб ўтган сайловларнинг бирортаси эса, халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли, деб баҳоланмаган.