Тожикистонда қочқин маҳбуслар устидан маҳкама жараёни бошланди

Image caption Маҳкама жараёни Тожикистон Олий маҳкамасининг ҳарбий коллегияси томонидан олиб борилмоқда

Душанбеда ўтган йил 23 август тунида мамлакат давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасидан қочган маҳбуслар устидан маҳкама жараёни бошланди.

Хабарларга кўра, маҳкама жараёни ёпиқ тарзда ҳибсхонанинг ўзида бўлиб ўтмоқда.

Ишни Тожикистон Олий маҳкамасининг ҳарбий коллегияси олиб бормоқда.

Маҳкамада Тожикистон ва Афғонистон ҳудудида қўлга олинган 11 нафар қочқин, шунингдек, уларнинг бир неча ҳамкорлари айбланувчи сифатида иштирок этишмоқда.

Судланувчиларга уюшган жиноятчилик, қочиш, қасддан одам ўлдириш, ноқонуний тарзда қурол-яроғ сақлаш, қуролли қаршилик кўрсатиш, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш каби айбловлар қўйилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 23 август тунида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик ҳибсхонасидан 25 нафар маҳбус қочган эди.

Қочиш жараёнида маҳбуслар уч нафар қўриқчини ўлдиришганди ҳам.

Ҳозирга қадар қўлга олинган 14 нафар қочқиннинг 3 таси Афғонистон фуқаросидир.

Афғонистон ҳудудида қўлга олинган афғон қочқинларини расмий Кобул Тожикистонга қайтармаган ва уларнинг ўз Ватанларида маҳкамага тортилишларини билдирганди.

Уч нафар қочқин эса, Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилганди.

Шундай қилиб, қочқинларнинг 8 нафари озодликда қолмоқда.

Улардан иккитасининг Ўзбекистон фуқароси эканликлари айтилади.

Қочқинларни қўлга олиш амалиётлари учун йўлланган ҳукумат ҳарбийлари карвони 19 сентябрда Камароб дарасида пистирмадан ўққа тутилган ва юз берган ҳодисада 25 ҳарбий қурбон бўлганди.

Шундан сўнг Тожикистоннинг Камароб дараси жойлашган шарқий Рашт водийсида кенг кўламли ҳарбий амалиётлар бошланиб кетганди.

Тожикистон Олий маҳкамаси, ўз ўрнида, мамлакатнинг Фавқулодда ҳолатлар бўйича собиқ вазири, собиқ дала қўмондони Мирзо Зиёев ўғилларининг узоқ йиллик қамоқ жазоларини тенг ярмига қисқартиришга рози бўлган.

Дастлаб 28 дан 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилган 26 ёшли Сайдаҳмад ва 23 ёшли Маҳмадризо Зиёевлар энди 15 ва 13.5 йил қамоқ жазоларини ўташади.

Аммо мол-мулкларини мусодара қилишга оид ҳукм ўз кучида қолади.