Президентлик сайловларидан кун ўтиб, Қозоғистон шимолида портлаш юз берди, яраланганлар бор

Image caption Сўнгги портлаш ҳодисаси Қозоғистоннинг амалдаги президенти Нурсултон Назарбоев яна бир бор ғолиб чиққан сайловлардан ҳеч қанча вақт ўтмай кузатилмоқда

Қозоғистон шимолидан келаётган хабарларга кўра, Қўстанай марказида юз берган портлаш ҳодисасида икки киши яраланган.

Сўнгги ҳодиса яна президент Нурсултон Назарбоев ғолиб чиққан сайловлардан кун ўтиб кузатилмоқда.

Аён бўлишича, портлаш маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08.40 да шаҳар кўчаларининг бирида юз берган.

Масъулларга кўра, 56 ёшли бир эркакнинг қўлида гранатага ўхшаш ускуна портлаб кетган.

Рўй берган воқеа оқибатида унинг ўзи ва ўша атрофда бўлган бир аёл тан жароҳати олган.

Хабарларга кўра, икковлон шаҳар касалхонасига олиб кетилган.

Шифохонадаги манбаларнинг айтишларича, "Портлаш оқибатида эркакнинг кўзлари оқиб тушган, қўли узилиб кетган, юзи ва қорни ҳам жароҳатланган". Аёлнинг жароҳати енгилроқ эса-да, шифококорлар унинг ҳам қўлини кесиб ташлашга мажбур бўлишган.

“Бу гранатага ўхшаш буюм эди. Бу предметнинг аслида қандай бўлганини аниқлаштириш учун экспертиза ва бир қатор текшириш ишларини олиб боришмиз керак. Шунинг учун ҳозирча бу нарсани гранатага ўхшаш предмет дейиш билан чекланамиз," деб айтган Би-би-си билан суҳбатида Қўстанай вилоят Ички ишлар департаменти матбуот котиби Елена Кашарина.

Воқеа шоҳидларига кўра, "портлаш ниҳоятда кучли бўлган".

Портлаш сатҳига журналистлар қўйилмаётгани айтилади.

Қозоғистон Фавқулодда Ҳолатлар бўйича вазирлиги эса, 1 апрел куни Қўстанайдаги тўққиз қаватли турар-жой биносида номаълум шахслар томонидан портловчи модда ўрнатилганига оид аноним хабар олиши ортидан бинодан 70 кишини сафарбар этганди.

Аммо тезкор кучлар ёрдамида амалга оширилган махсус амалиётлар натижасида бинодан бирор бир портловчи модда топилмаганди.

Маълум бўлишича, ўсмир бола ҳазил куни муносабати билан шундай хабар тарқатган. Ўсмирни жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

1 апрел куни жанубий Олма ота шаҳрида ҳам Шакен Айманов номидаги "Казахфильм" акционерлик уюшмасида бомба ўрнатилганига оид хабар олинган ва 300 киши бинодан эвакуация этилганди.

Лекин сатҳга етиб келган тезкор кучлар бу ерда ҳам портловчи модданинг изини ҳам топишолмаганди.