Иккинчи Қирғиз рангли инқилоби санасида мотам тутилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

7 апрел куни Қирғизистонда Қурманбек Бакиев президентликдан қулатилганига бир йил тўлади.

Бир йил олдинги Бишкекдаги ҳодисаларида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам тутишга қарор қилинган.

Мотам тадбирлари 6 апрелдан бошланган.

Радио-телевидениеда, жамоат жойларида кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.

Миллий радио ва телевидение орқали қайғули мусиқа эшиттирилмоқда, дея хабар беради Бишкекдаги мухбиримиз.

7 апрел ҳодисаларига бағишланган маросимда чиқиш қилган Президент Роза Ўтинбоевамазкур воқеани "Асрга татигулик кун" деб тасвирлаган ва аввалги 24-март Лола инқилобига солиштирган.

"Ўтган йил апрел ойида ҳам мамлакатнинг барча ҳудудларида оддий одамлар қўзғалиб бош кўтарди. Ва халқ ўз ҳокимиятини ўрнатиб, Ҳукумат уйида ўтирганларнинг ҳукмдорликни сақлаб қолиш умидларини барбод қилди. Худди шу сабабдан 7 апрелда юз берган воқеани, мазмуни бўйича ҳам, сиёсий жиҳатидан ҳам ҳақиқий халқ инқилоби деб тасвирлаймиз", деди Президент Ўтинбоева.

Ўтган йил 6-7 апрел кунлари мамлакат шимолидаги Талас вилояти маркази ва пойтахт Бишкекда минглаб одамлар иштирок этган норозилик намойишлари натижасида тепасида президент Қурманбек Бакиев турган Қирғизистоннинг собиқ ҳукумати ағдарилган.

Қудратдан четлатилган Қурманбек Бакиев Беларус Президенти Александр Лукашенко қўлловида пойтахт Минскда бошпана топган.

Қирғизистонинг Бишкекдаги Ҳукумати уйини қуршаб олиб, бинога ҳужум қилган намойишчилар орасида қуролланган шахслар ҳам бўлган.

Жорий ҳукуматнинг сўнгги расмий баёнотларига биноан, 7 апрел куни Ҳукумат уйидан намойишчиларга қарата ўт очилган ва отишма оқибатида 86 киши қурбон бўлган.

Минскда бошпана топган Қурманбек Бакиев намойишчиларга қарата ўқ отишга буйруқ бермаганини, аксинча намойишчилар орасидаги қуролланган шахслар қурол қўллагани қурбонлар сонини кўпайтирганини айтади.