Сана: Апрел инқилоби Қирғизистондаги сиёсий вазиятни яхшилай олдими?

Бугун Қирғизистонда президент Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатиб, янги ҳокимиятни қудратга келтирган ва мамлакат сиёсий тизимини ўзгартирган апрел воқеаларига роппа-роса бир йил тўлди. Қирғизистонда ўтган йил апрелида юз берган ҳодисалар, улар ортидан мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритилиши ва парламент сайловларининг бўлиб ўтиши, умуман олганда, матбуотда яхши ёритилди. Сайловлар ортидан Қирғизистонда Марказий Осиёдаги илк парламентар бошқарувнинг йўлга қўйилиши эса, энг яқин иттифоқчиси бўлган Россия томонидан хуш қаршиланмади. Президент Роза Ўтинбоеванинг Оврўпо ва Америка Қўшма Штатларига сафарлари жараёнида унинг Қирғиз жамиятини демократлаштириш саъй-ҳаракатлари кенг олқишланди. Апрел воқеаларидан икки ой ўтиб эса, Қирғизистон жанубида минглаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган миллий низоларга юз берди. Хўш, буларнинг барчаси манзарасида юз берган бу ҳодисалар Қирғизистондаги сиёсий тузумни яхшилай олдими?

Суҳбатдошимиз АҚШдаги Жон Ҳопкинс Университетининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Эрика Марат:

Эрика Марат: Мен эҳтиёткорлик билан хушбинлик билдирган бўлардим. Ўтган йил кўплаб ютуқларга эришилди: янги конституция қабул қилинди, янги парламентар тизимга ўтилди ва одилона бўлмаса ҳамки, шаффоф сайловлар бўлиб ўтди. Бироқ шу йил охирида янги президент сайланиши билан, буларнинг бари чиппакка чиқиши мумкин. Ҳозирда президентликка кўз тикиб турган даъвогарларнинг ҳаммаси қудратга ташна ва уларни ўтган йилги ютуқлар унчалик қизиқтирмайди. Лекин, тан олиш керак, бугун Қирғизистонда энг ҳурфикрли, демократик ва тажрибали сиёсатчи бу - жорий президент Роза Ўтинбоевадир.

Би-би-си: Лекин ҳали президентлик сайлови бўлиб ўтмасданоқ коалицион ҳукуматнинг анчайин беқарор эканлиги кўриниб қолмаяптими?

Эрика Марат: Бу катта муаммолигича қолмоқда. Ҳозирги коалицияда ички низолар кучли. Аммо асосий раҳбарларнинг манфаатига зид бўлмагани учун коалиция парчаланиб кетгани йўқ. Бироқ куни келиб парчаланиши мумкинлиги аломатлари мавжуд ва агар шундай бўлса, Қирғизистон сиёсий ҳаёти мавҳумликка юз тутади ва президентлик тизими яна қайта тикланиши мумкин.

Би-би-си: Президент Ўтинбоева бир йил олдин ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, уларнинг унутилмаслиги ва демократик тизим йўлида қўшган ҳиссалари ёдда тутилишини айтмоқда. Аммо ўтган йилги ҳодисалар бўйича якуний фикр айтилдими? Собиқ президент Бакиев чиқиш қилиб, ушбу ҳодисаларни давлат тўнтариши деб айтди, баъзилар назарида бу инқилоб эди...

Эрика Марат: Бу ҳодисалардан роппа-роса бир йил ўтган бўлса ҳамки, биз аслида нима бўлганини аниқ билмаймиз. Биз оддий фуқароларни отишга ким буйруқ берганини ва уни амалда ким ижро этганини аниқ билмаймиз. Ҳалиям кўплаб ноаниқликлар бор, ҳалиям кўплаб тортишувлар бор, турлича талқинлару миш-мишлар бор. Мазкур ҳодисаларни аниқлашга на ҳукумат ва на парламент ҳаракат қилди. 2010 йил 7 апрелида нима юз бергани юзасидан якдиллик бўлмагани учун, улар сиёсатчилар томонидан турлича таҳлил этилмоқда. Аммо бугун қирғиз сиёсатчилари 7 апрел ҳодисаларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Би-би-си: Баъзилар апрел ҳодисалари ва орадан икки йил ўтиб, Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар ўртасида боғлиқлик борлигини айтишади; Баъзи фикрларга кўра, муваққат ҳукумат воқеаларнинг шундай оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирилган эса-да, уни бартараф этиш учун ҳеч нима қилмаган ва ҳаттоки, ҳодисалар учун маълум маънода масъул. Апрел ойида юз берган ҳодисалар ҳамда Ўш ва Жалол-Ободдаги миллий низолар қанчалар бир-бирига боғлиқ деб ўйлайсиз?

Эрика Марат: Мен ўқиган турли ҳисоботлар, давлат расмийлари, нодавлат ташкилотлар раҳбарлари ва оддий ўшликлар билан бўлган турли суҳбатлардан хулоса қилиб айтадиган бўлсам, ҳукумат 2010 йил июнида миллий низолар юз бериши эҳтимолидан маълум маънода хабардор бўлган. Аммо ҳукумат дастлабки огоҳлантиришларга ё жавоб бермасликка қарор қилган ё-да жавоб беришга қодир бўлмаган. Яна бир нарсани эсда тутиш лозим: ўша пайтдаги ўтиш ҳукумати бир-бирига қарши бўлган жуда ғалати ва турли қутблардаги сиёсатчилардан иборат бўлган. Ўшанда вазият қай томонга ўзгаришини башорат қилиш қийин бўлгани учун ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни истамаган. Муваққат ҳукумат айни сўзлар билан ўзини ҳимоя қилишга уринади. Нима бўлганида ҳам ўтиш даври ҳукумати масъул эди, бироқ юз берган ҳодисалар учун ўтиш ҳукуматидан бирор киши масъулиятни ўз зиммасига олганини кўрмадик. Аксинча, улар собиқ ҳукуматни ҳамда қандайдир абстракт кучларни айблашни ўзларига эп билишди. Шунинг учун ҳам, ўтган йил июнида нима бўлганига оид аниқ тасаввурга эга эмасмиз. Финляндия парламенти аъзоси Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро тергов гуруҳи кузатувлари асосида тайёрланган янги ҳисобот июн ҳодисаларининг янги жиҳатларини очиб бериши мумкин, бироқ ҳозирда жавобларга қараганда саволлар кўпроқ.