Нурсултон Назарбоев яна бир бор Қозоғистоннинг президенти этиб қасамёдга келтирилди

Бугун Мустақиллик саройида яна бир бор Қозоғистоннинг президенти этиб қасамёдга келтирилган Нурсултон Назарбоев 3 апрел куни муддатидан илгари чақирилган сайловлар Марказий Осиё минтақасидаги "энг демократик" сайловлар бўлганини айтди.

Қозоқ тилида мамлакат конституциясига қўл қўйиб қасам ичаркан, жаноб Назарбоев, "Қозоғистон қонунларига қатъий амал қилиш, ўз фуқароларининг ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлашга,.." ваъда берди.

Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, расман қасамёд келтирган ондан бошлаб, мамлакатнинг амалдаги президенти Нурсултон Назарбоев навбатдаги ваколатини бошлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Пойтахт Остонада бўлиб ўтган қасамёдга келтириш маросимида сўзларкан, жаноб Назарбоев мамлакати, "очиқ ва кўпқутбли ташқи сиёсат" олиб боришда давом этишини ҳам урғулади.

Қозоғистон раҳбари Россия ва Беларус билан ҳамкорликда Божхона Иттифоқини ривожлантириш ниятида эканликлари, келаси бир неча йил ичида эса, ОврўОсиё Иқтисодий Уюшмасини барпо этиш устида иш олиб боришларини ҳам айтди.

Жаноб Назарбоев, ўз ўрнида, қўшни Хитой, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар билан ҳам стратегик ҳамкорликни кучайтириш режасида эканликларини баён қилди.

Қозоғистон президентининг урғулашича, Марказий Осиёдаги қўшнилари ва туркийзабон мамлакатлар билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидалар.

Қозоқ раҳбари, шу билан бирга, Ислом дунёсини-да назардан қочирмасликларини урғулади.

Нурсултон Назарбоев ўтган якшанба куни бўлиб ўтган ва халқаро кузатувчилар томонидан кескин танқидларга учраган президентлик сайловларида 95 фоиздан ортиқ овоз тўплаб, яна бир бор ғолиб чиқишга муваффақ бўлганди.

Аслида 2012 йилда бўлиб ўтиши режаланган, аммо Қозоғистоннинг амалдаги президенти Нурсултон Назарбоевнинг қарори билан муддатидан илгари чақирилган сайловларда қозоқ раҳбаридан ташқари яна унга мойил уч номзод иштирок этишганди.

Қозоғистондаги аксарият мухолифат партиялари эса, "Назарбоев шоуси" эканини айтиб, президентлик сайловларини бойкот қилишганди.

Жаноб Назарбоев қасамёдга келтирилиши ортидан, мамлакат конституциясига мувофиқ, Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси ҳам ўз истеъфосини таклиф қилди.

Навбатдаги беш йиллик президентлик ваколатини бошлаган Нурсултон Назарбоев келаси бир неча кун ичида янги вазирларни тайин этади.

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимовнинг айтишича, унгача вазирлар ўз вазифаларини вақтинчалик бажариб туришади.