Америка юқори мартабали расмийси Тожикистонга келди

Robert Blake
Image caption АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Душанбега икки кунлик расмий сафар билан келган

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Душанбега икки кунлик сафар билан келган.

Блейк жаноблари сешанба куни мамлакат Президенти Имомали Раҳмон ва қатор давлат раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.

Хабарларга кўра, музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ҳамкорликларни кучайтириш, минтақадаги хавфсизлик масаласи ҳамда Афғонистондаги вазият мубоҳаса этилади.

Айни пайтда Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарани мустаҳкамлаш масаласи ҳам икки томон ўртасидаги мубоҳасалар асосий мавзуларидан бири бўлиши айтилади.

АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк яқинда АҚШ Конгрессининг Марказий Осиё билан муносабатлар бўйича қўмитасида гапираркан, Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон ва Покистондаги мақсадларига эришиши учун Марказий Осиё муҳим минтақа бўлиб қолаётганини таъкидлаганди.

Қўшма Штатлар Тожикистонга молиявий ёрдам бераётган асосий давлатлардан бири саналади.

Берилаётган молиявий ёрдамлар асосан Тожистон ҳуқуқ-тартибот ходимларини тайёрловдан ўтказиш, чегараларни мустаҳкамлаш ва ҳарбий мақсадларда сарфланиши, шу билан бирга аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва иқтисодиёт тараққиёти учун сарфланиши айтилади.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк ўтган йилнинг сентябр ойида ҳам Тожикистонга сафар қилганди.