Назарбоевнинг куёви миллий жамғармани ўз қўлига олди

Image caption Қулибоев мубоҳасали тадбиркор Гога Ашкенази билан алоқаси туфайли британ матбуоти назарига тушган

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Қулибоев 80 миллиард долларлик Самурық-Қазына миллий жамғармаси раҳбари этиб тайинланган.

Бу эълондан бир кун аввал янги иқтисод, ташқи ишлар ва қишлоқ хўжалиги вазирлари тайинланган. Бугун мудофаа вазири Адилбек Жаксибеков ўз лавозимида қолиши хабар қилинган.

Жаноб Назарбоев ўтган ҳафта халқаро кузатувчилар томонидан танқид қилинган президентлик сайловларида 95 фоиз овоз билан ғолиб чиққан.

Олмотидаги мухбиримизга кўра, таҳлилчилар жаноб Қулибоевнинг миллий жамғармага раис этиб тайинланишини Назарбоев оиласининг йирик бизнес устидан назоратни янада қаттиқроқ назорат қилиш истаги билан изоҳлашади.

Самурық-Қазына Қозоғистон иқтисодининг йирик қисмини назорат этади, ва давлат энергия ширкати, миллий темир йўл, ҳамда Казатомпром уран ишлаб чиқарувчи ширкатга эгалик қилади.

Тимур Қулибоев Президент Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланган.

У охирги бир неча ой давомида Британия қироличасининг ўғли Шаҳзода Андрю билан боғлиқ коррупция даъволари ҳақидаги мақолаларда бир неча бор тилга олинган.

Жаноб Қулибоевнинг британ шаҳзодасининг дўсти, лондонлик асли қозоқ бадавлат тадбиркор Гога Ашкенази билан тўрт ёшли ўғли ҳам бор.

Тимур Қулибоев 2011 йилда Forbes журналининг миллиардерлар рўйхатидан жой олган. У Қозоғистон бойлари орасида учинчи ўринда, жаҳонда эса 938-ўринда туради.