Қозоғистонда Исломга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бормоқда

Масжид
Image caption Қозоғистонда сўнгги йилларда диндорлар сони ортмоқда

Қозоғистонда Ислом дини тез ривожланаётгани ва унга амал қилувчилар сони йилдан йилга сезиларли тарзда ошаётгани айтилади.

Халқнинг Исломга бўлган қизиқиши ортидан бу ўлкаларга ёт бўлган оқимларнинг ҳам куртак отаётгани кузатилади.

Кузатувчиларга кўра, эътиборга молик томони шундаки, айрим қўшни давлатлар сингари Қозоғистон ўзгача фикрловчилар билан қамоқхоналарни тўлдириш орқали эмас, тушунтириш ва диний билимни ошириш орқали курашишини афзал билмоқда.

Шаҳар ва туман марказидаги масжидларда очилган диний савод ошириш курслари фикрга далил ўлароқ келтирилади.

Диний саводхонлик

Наринбек 21 ёшда. У Олма ота марказий масжиди қошида ташкил қилинган Қуръон ўрганиш дарсларига қатнайди.

Уч ойнинг ичида Қуръон тиловат қилишдан анча саводи чиқиб қолган.

Наринбек шаҳардаги корхоналарнинг бирида ишлайди. Аммо Қуръонни ўрганиш учун ўзида вақт топа олган.

"Қуръонни ўрганиш учун келдим. Чунки у Аллоҳнинг сўзи, яна Ислом динининг қонунлари ушбу китобда ёзилгани учун ўрганишга келдим. Масжид қошида ўқув курслари очилганини веб саҳифа орқали билдим", - дейди Наринбек.

Image caption Мустафа Ейжанинг Қозоғистонга келганига 3 йил бўлган

Масжидга келган вақтим бегим куни бўлиб, ҳали туш бўлмаганди. Савод чиқариш дарсида 10 га яқин турли ёшдаги эркаклар қатнашарди. Уларнинг орасида энди мактаб ёшига етганлардан тортиб, 70 ёшни қоралаган отахонлар ҳам бор эди.

Ўқитувчи эса змонавий кийинган, бўйнига галстук таққан турк домласи эди.

Мустафа Ейжанинг Қозоғистонга келганига 3 йил бўлган.

Айтишича, бу вақт давомида қозоқ тилини ҳам ўрганган. Дарсларни қозоқ тилида олиб боради.

Ейжан афанди Олма отага қозоғистон мусулмонлар диний идораси ва Туркия мусулмонлар диний идораси келишувига асосан келган.

"Қуръондан савод чиқариш дунё юзидаги бутун одамзодга керак. Қозоғистондаги биродарларимиз ҳам Аллоҳ рози бўлсин жуда ҳам яхши одамлар. Намоз қандай ўқилади, рўза қандай тутилади каби диннинг асосларини ўрганишга келишаяпти. У ойда ИншоАллоҳ бошланғич таълимни берамиз", дейди Мустафа Ейжан.

Мустафа бейнинг қўл остида айни дамда 32 талаба бор. Бунгача 200 дан ортиқ толиблар саводини чиқарган.

Image caption Ислом Марказида аёллар учун ҳам диний сабоқлар берилади

Олма отадаги ҳозирча энг улкан бўлган Марказий масжиднинг остки қисмида қизлар учун курслар ташкил қилинган.

Бу ерда ҳам турли ёшдаги толибалар таълим олишмоқда.

Аёллар уялишгани ва турмуш ўртоғидан рухсат сўрамагани учун интервью беришни исташмади.

Аммо бир муддат дарсида қатнашиб суъратга олишимга қаршилик қилишмади.

Борган вақтимда қизларнинг устози Исломдаги макруҳ яъни тақиқланган амаллардан дарс берарди.

Қозоғистонда бугунга келиб масжидларнинг сони 2300 дан ортиб кетди. Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси шаҳар ва туман марказидаги ҳар бир масжид қошида мана шундай диний савод очириш курсларини очиб қўйган.

Бу курсларда таълим олиш текин бўлиб, унда араб тилидан савод чиқаришдан тортиб, тажвид, Қуръон, фикҳ ва ақида масалалари ўргатилади.

Диний оқимлар

Қозоғистон мусулмонлар диний идораси диний оқартирув бўлими раҳбари Абдумуталлиб Давронбековнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистондан бундан ташқари 9 мадраса ва бир Ислом университети фаолият юритади.

Мадрасаларни очишга руҳсат берилганига энди 3 йил бўлган. Уларнинг сони тез орада бунданда ўсиши айтилмоқа.

Image caption Абдумутталлиб Давронбековнинг айтишича, Қозоғистонга диний оқимларнинг кириб келишида ҳикмат бор

"Диний савод курсларимизда намоз, рўза, закот каби фарзларни адо этаман деган кишиларга қандай қилиб Исломнинг талабларини, Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлган кўйда яшаш ва амал этишни ўргатади", дейди Абдумуталлиб Давронбеков.

Абдумуталлиб аканинг илова қилишича, диний савод курсларининг очишдан асосий мақсадлардан бири Қозоғистонга кириб келган турли диний оқимларга ёшларнинг кириб кетишининг олдини олиш бўлган.

2000 йиллардан сўнг Қозоғистонда "Салафий", "Қуроънчи" ва "Ҳизбут таҳрир" каби ақида эгалари фаоллашган.

Диний савод курслари мана шу оқимларга ёшларнинг кириб кетмаслигини таъминлаш ва уларга Ҳанафий мазҳабининг тўғри йўл эканлигини эслатишга қаратилган.

"Ҳозир, биз ҳамма нарсага фақат Қуръон билан ҳукм чиқаришимиз керак, дегувчи "Қуръончилар" чиқаяпти. Бизга мазҳабнинг кераги йўқ. Ақида борасида Қуръонда нима ёзилса шунга амал қиламиз, дегувчилар бор. Бунинг ҳаммаси одамларни адаштиришга олиб боради. Иккинчидан халқимиз орасида фитна туғдиради", дейди Абдумуталлиб Давронбеков.

Абдумуталлиб акага кўра, бундай оқимларнинг Қозоғистонга кириб келишида ҳикмат бор.

"Мана шу оқимлар сабаб биз динимизни, мазҳабимизни янада чуқурроқ ўрганишга, ўргатишга ва илмимизни чархлашга эришдик. Мазҳабимиздаги далилар энг кучли эканига яна бир бор амин бўлаяпмиз", - дейди у.

Савод ошириш курсларига ёз ойларида талабаларнинг кўпроқ келиши айтилади.

Айни шу вақтда ўқувчилар ёзги дам олишга чиқишади ва бўш вақти кўпроқ бўлади.

Минглаб ўқувчиларга айнан ёз ойларида илм берилади.