Жаҳон Банки: 'Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёда миллионлаб кишилар очликка юз тутиши мумкин'

Жаҳон Банкининг баён қилишича, озиқ-овқат ва энергия маҳсулотлари нархининг ортиб бораётгани ривожланаётган Оврўпо ва Марказий Осиё давлатларида 5 миллиондан ортиқ инсонни қашшоқлик гирдобига ташлаши мумкин.

Банк бу ҳақда Халқаро Молия Жамғармаси билан бўлиб ўтган сўнгги матбуот анжумани чоғида билдирган.

Жаҳон Банкига кўра, жорий йилда мазкур минтақаларда жойлашган ҳар бир давлатда иқтисодий ўсиш кутилаётган эса-да, озиқ-овқат ва ёқилғи қийматининг кўтарилиши улардан айримларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

"Жаҳон бозорларида бу каби маҳсулотлар нархининг ортиб кетиши экспортер давлатларга ниҳоятда қўл келиб, уларга қўшимча имкониятлар яратади. Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия каби нефть экспорт қилувчи йирик давлатлар бундан роса фойда қилишади. Иқтисодлари ривожланиб, тўлов қобилиятлари ортади ва бюджетлари ҳам барқарорлашади. Чунки бутун дунёда қазиб чиқарилувчи нефтнинг нақ 15 фоизи ушбу давлатлар ҳиссасига тўғри келади," дейди банк.

Аммо, Жаҳон банкига кўра, худди ана шу ҳолат фақат четдан маҳсулот сотиб олишга мажбур бўлган кўплаб давлатлар, айниқса, Қирғизистон, Тожикистон, Арманистон, Гуржистон ва Молдовани қийин аҳволда қолдириши мумкин.

Банкнинг Оврўпо ва Марказий Осиёда қашшоқликни камайтириш ва иқтисодий сиёсатлар бўйича бўлими раҳбари жаноб Цикота, "озиқ-овқат ва ёқилғи маҳсулотлари нархларининг кескин кўтарилиб кетишидан энг аввало минтақа аҳолисининг ночор қатлами азоб чекиши, бунинг оқибатида уларнинг харид қобилиятлари пасайиб кетиши," билан огоҳлантиради.

Унга кўра, аҳолининг камбағаллик даражаси кескин ошиб кетиши хавфи остида бўлган давлатларда ўтган 2010 йилда озиқ-овқат нархлари 17 фоизга сакраб кетган.

Камбағаллик

Жаҳон Банки озиқ-овқат ва ёқилғи маҳсулотлари қийматлари минтақа давлатларидан даромади энг кам бўлганларида жадаллик билан ошиб бораётганини таъкидлайди.

Бу каби давлатлар рўйхатида эса, Қирғизистон(27 фоиз) ва Гуржистон(23 фоиз) етакчилик қилаётгани айтилади.

Ривожланаётган Оврўпо ва Марказий Осиё давлатлари сўнгги глобал молиявий инқироздан ўзларини ўнглаб олаётган бўлишса-да, аммо бўҳрон оқибатларини буткул аритишга муваффақ бўлишмаган. Иш ҳақларининг камайиши ва ишсизлик даражасининг ортиши каби муаммолар ҳануз ўз долзарблигини йўқотмаган, дейди банк.

Жаҳон Банкининг огоҳлантиришича, агар мазкур муаммоларга зудлик билан барҳам берилмаса, озиқ-овқат ва ёқилғи нархларининг сакраб кетиши оқибатида минтақада 5 миллиондан ортиқ киши қашшоқлик ёқасида қолиши мумкин.

Банк минтақанинг шундоқ ҳам камбағал бўлган давлатларида аҳвол янада ёмонлашиши, Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 11, Арманистон ва Гуржистонда 9, Тожикистонда эса, 8 фоизга ортиши мумкинлигини айтади.

Жаҳон Банки аҳолининг камбағал қатламига кўмак бериш учун ушбу давлатлар ҳукуматларига ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш ва уни аниқ мақсадларга йўналтиришни тавсия этади.