Жылдыз Жолдошева: 'Ўш воқеаларидан қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам бирдек жабр кўрган'

Image caption Қирғиз прокуратурасига кўра, китоб миллий адоват қўзғайди

Би-би-си билан суҳбатда қирғиз парламенти депутати Жылдыз Жолдошева Қирғизистонда тақиқланган ўтган йил июнидаги хунрезликларга доир китобга воқеаларни ўрганган халқаро комиссия раҳбари, финландиялик дипломат Киммо Килюненнинг алоқаси бор-йўқлиги ўрганилиши кераклигини айтди.

Жолдошева хонимга кўра, рус ва инглиз тилларидаги "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" китоблари Финландияда чоп этилгани ҳақида маълумотлар бор.

Қирғиз депутатига кўра, китоб ҳақиқатан ҳам жаноб Килюненнинг ватани бўлган Финландияда чоп этилган бўлса, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунинг шунчаки тасодиф ёки эмаслигига аниқлик киритишлари керак бўлади.

Жаноб Килюнен раҳбари бўлган халқаро комиссия шу йил февралида текширув хулосаларини қирғиз ҳукуматига тақдим этган.

Хулосаларни эълон қилиш икки марта кечиктирилган, бунга рус тилига таржиманинг вақт талаб этгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Аввалроқ Қирғизистон Бош прокуратураси миллатчи "Ата Журт" партиясидан депутат бўлган Жолдошева хонимнинг талаби билан "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" китоблари юзасидан жиноят иши очган эди.

Би-би-си ўтган йил июнида содир этилган хунрезликларни ўрганиш бўйича тузилган парламент комиссияси раисининг ўринбосари бўлган Жылдыз Жолдошева билан боғланиб, нима учун бу китобдан норозилиги ҳақида сўраган.

"Мен нафақат Қирғизистон Жўқорғи Кенгашининг депутати, балки биринчи навбатда "Қирғизистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти"нинг вице-президентиман. Мен Қорасувда, ўзбеклар ва қирғизлар орасида туғилганман ва вояга етганман. Агар уйдан мактабга битта олма олиб келсам, уни синфдошларим Дилором ва Саодатхонлар билан бўлишиб еганмиз. Биринчидан, "Шоқолнинг даври" китоби нафақат қирғизлар, балки қурбонларнинг хотирасини ҳақоратлайди. Оддий халқ, қирғизлар ва ўзбекларнинг гуноҳи йўқ. У ерда ўзбекларни, қирғизларни ҳам бирдек ўлдиришди. Ўлдирганлар битта. Ўлдирилган ўзбекнинг калласи кесилган бўлса, қирғизнинг ҳам калласи кесилган. Қирғизни ёқиб юборишган бўлса, ўзбекни ҳам худди шундай ёқиб юборганлар. 500 га яқин одам ўлган бўлса, шунинг ярми ўзбек, ярми қирғиз. Менда барча ҳужжатлар бор", дейди Жолдошева хоним.

'Бир томонлама'

Жылдыз Жолдошева Ўш ва Жалолободдаги воқеалар чоғида кўпроқ ўзбеклар жабр кўргани ҳақидаги инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг хулосаларига қўшилмаслигини айтади.

"Мен Ўш воқеаларини ўрганиш бўйича тузилган парламент комиссияси раисининг ўринбосари сифатида бунга қўшилмайман. Қурбонлар борасидаги рақамлар ҳар икки томондан бир хил. Ҳозиргача бедарак кетган 23 кишининг тақдири номаълум. Уларнинг ҳаммаси қирғизлар. ДНКси аниқланмаган 45 жасад халигача ўликхонада ётибди. Уларнинг ҳаммаси қирғизлар. Шундай экан, қандай қилиб мен ўзбеклар ёки қирғизлар кўпроқ жабр кўрди, деб айта оламан. Агар кимдир мана шу китоблар ва компакт-дисклар орқали қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги ҳозирги омонат тинчликка дахл қилмоқчи бўлаётган бўлса, бу қирғиз халқига эмас, балки Ўзбекистонга қарши қаратилган зарбадир. Фарғона водийсида Халифалик яратишни истаётган бу террорчи, эктремист гуруҳларнинг кейинги нишони Ўзбекистон. Шунинг учун биз бу китобни чиқарганларни қоралаймиз", - дейди қирғиз депутат.

Китобдаги материалларнинг махфий эмаслиги, уларнинг кўпчилиги интернетда борлиги, шундай экан, нима учун бу китобнинг тақиқланишини талаб этгани ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Жолдошева хоним китобни "бир томонлама" деб тасвирлади ва у нафақат Қирғизистон, бутун дунё бўйлаб тақиқланиши кераклигини айтди.

"Тасаввур қилинг, ҳозир қирғизлар ҳам бир китоб чиқариб, унда қирғизларнинг қандай ўлдирилганини тасвирлашса, нима бўлишини кўз олдингизга келтира оласизми? Шунинг учун ҳеч кимнинг бизнинг фожиамиздан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаққи йўқ", - дея таъкидлади воқеаларни ўрганиш бўйича тузилган қирғиз парламент комиссияси раисининг ўринбосари.

Айни пайтда қирғизистонлик сиёсатчи қирғиз матбуотида миллатчи чиқишларнинг кучайганини тан олади.

"Биласизми, бизда шундай газеталар борки, бўлар-бўлмас гапларни ёзишади. Уларни ўқиб, ҳайрон қоласан одам. Биз ҳозир миллатчилик, минтақачилик ва бўлгинчиликка қарши курашга доир қонунлар устида ишлаяпмиз", - дейди у.

Хориж изи?

Би-би-сининг "сиз ўз чиқишингизда номи тилга олинган китобнинг Финландияда чоп этилгани ҳақида маълумот борлигини айтиб, воқеаларни ўрганаётган халқаро комиссия раиси Киммо Киллюненнинг номини ҳам тилга олгансиз. Нима, жаноб Киллюненнинг китобга алоқаси бор, демоқчимисиз?", деган саволига депутат мана бундай жавоб берди:

"Дастлабки маълумотларга кўра, китоб Финландияда чоп этилган. Аммо у жуда махфий гриф билан чоп қилинган ва бунга ҳуқуқ-тартибот идоралари аниқли киритиши керак. Киммо Килюненнинг ўзи фин. Агар ҳақиқатан ҳам китобнинг Финландияда чоп этилгани тасдиқланса, бу шунчаки тасодифми ёки бошқа нарсами? Мен шундай саволни қўйдим ва бу саволга жавобни ҳуқуқ-тартибот идоралари беради, - дейди қирғизистонлик депутат.

'Ҳаққоний суратлар'

Шу кунларда Бишкекка кетаётиб, ўзига ҳамроҳлик қилган йўловчилардан бирининг қўлида китобни кўриб қолганини айтган ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапировнинг айтишича, китобда материалларнинг аниқ манбаълари кўрсатилган.

Унинг сўзларига кўра, китобга илова қилинган расмларда Ўшда бўлган воқеалар, ёндирилган уйлар, куйдирилган одамлар, танкда юрган ҳарбийлар, қурол кўтариб юрганлар акс этган.

"Китобдагилар-ку, расм экан, биз, ўшликлар бунинг ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўрганмиз, буларнинг ҳаммаси бўлган воқеалар", - дейди ҳуқуқ фаоли.

У қирғиз прокуратурасининг қарори китобни ноқонуний деб эълон қилиши ва эндиликда уни ўқиганларга нисбатан тазйиқлар кучайишини айтади.

"Бу яна ўзбекларга жабр, дегани. Яна ўзбекларни "сендан шу китоб чиқди" деб қамаш, пул таъма қилиш бошланади", - дея хавотир билдиради ўшлик фаол.

Унинг сўзларига кўра, Бош прокуратуранинг жиноят иши очиш қарори миллатлар ўртасидаги адоватни кучайтиришга хизмат қилади, холос.

"Бу элнинг ўртасида бўлган уруш эмас, уни катталар келтириб чиқарди", - дейди Равшан Гапиров.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди