Путин: 'Келаётган 10 йилда Россияга экспериментлар керак эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кузатувчиларга кўра, бу Путиннинг сайловолди ҳисоботидир

Россия бош вазири Владимир Путин мамлакат парламентининг қуйи палатаси-Думада ҳукумат фаолиятига доир йиллик ҳисобот нутқи билан чиққан.

Путиннинг чиқиши, шу йил декабрида ўтадиган парламент сайловлари олдидан сўнгги ҳисобот саналади. У ўз нутқида сўнгги йилларда иқтисодиёт ва аҳолининг фаравонлиги йўлида ҳукумат эришган ютуқларга батафсил тўхталган.

Жаноб Путиннинг айтишича, иқтисодий инқирозга қарамай, Россия ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши охирги уч ойда қарийб 4.5 фоизни ташкил этган.

Россия бош вазири асосий эътиборни таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ҳамда яқин йилларда иқтисодий бўҳрондан чиқиш масаласига қаратди. Жаноб Путиннинг фикрича, Россияда янги иқтисодий ривожланиш модели яратиш лозим.

Унга кўра, Россия иқтисодиётининг ўсиши фақат нефтдан тушган даромадга боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак.

Бош вазир ҳарбийлар, уруш қатнашчилари, таълим ва тиббиёт соҳалари ходимлари маошларининг оширилишини ҳам эълон қилди.

Владимир Путин 2020 йилга келиб, Россия дунёнинг бешта йирик иқтисоди қаторидан ўрин олиши кераклигини айтди.

Путиннинг сўзларига кўра, келаётган 10 йилда Россияга "ўзини оқламаган либерализм ва ижтимоий демагогияга асосланган" экспериментлар керак эмас.

Бу билан Путин яна бир марта иқтидордаги тандемда ўзини анъанадор йўналиш вакили сифатида тақдим этган.

Сайловолди ҳисоботи

Кузатувчиларга кўра, Путиннинг ҳисоботи Россияда парламент ва президентлик сайловолди кураши бошланганини англатади.

Келаси йили ўтадиган президентлик сайловлари борасидаги асосий савол унда кимнинг иштирок этишидир.

Ҳам Путин ва ҳам Медведев ўз чиқишларида президентлик сайловларида қатнашишлари мумкинлигига ишора этишган.

"Ягона Россия" партияси фаолларидан бири президентлик сайловларида Владимир Путин номзодини илгари суришларини айтган.

Жаноб Путин иқтидордаги "Ягона Россия" партиясининг раҳбаридир.

Дума депутатларининг қарийб 70 фоизи айни партия аъзоларидан иборат.

Омма сўровлари

Омма сўровлари ҳар икки раҳбардан қайси бири номзодликка мақбулроқ, деган фикрда Россия фуқаролари иккига бўлингани кўрсатмоқда.

Баъзиларга Путин яқинроқ бўлса, бошқалар Медведевнинг яна бир муддат президент бўлишини хоҳлашади.

Шу билан бирга кўпчилик россияликлар икковлонни ҳануз "ягона" сиёсатчи сифатида кўришади ва улардан қай бирининг бўлажак президентлик сайловларида қатнашишига унчалик эътибор ҳам бермайдилар.

Сўров натижаларига кўра, россияликларнинг аксарияти президент ва бош вазир сиёсатини қўллаб-қувватлайди.