Имомали Раҳмон: Тожикистонда 'араб инқилоби' бўлмайди

Image caption Time журнали Президент Раҳмонни ағдарилиш эҳтимоли бўлган 10 раҳбар рўйхатига киритган

Президент Раҳмон Тожикистонда араб давлатларидаги каби халқ қўзғолонларининг юз бериш эҳтимоли йўқлигини айтган.

Парламентнинг ҳар икки палатасига йиллик мурожаатида Рахмон Тожикистон беш йиллик фуқаролар урушини бошидан кечиргани, 100 мингдан ортиқ инсоннинг ёстиғи қуригани ва 1 миллионга яқин одам бошпанасиз қолганини хотирлатган.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролар уруши тажрибаси бутун бошли мамлакат аҳолиси геосиёсий ўйинчилар қўлида ўйинчоққа айланиб қолиши мумкинлигини кўрсатган ва шунинг учун ҳам барча кучларни марказий ҳукумат атрофида бирлаштириш муҳим.

"Мен Араб давлатларидаги сўнгги воқеалар ҳақида гапираяпман. Воқеаларнинг Марказий Осиёда ҳам такрорланиши эҳтимоли ҳақида кўп нарса гапирилмоқда ва ёзилмоқда. Мен шуни айтмоқчиманки, бу каби фитна қурбони бўлган Тожикистоннинг огоҳ аҳолиси тинчлик ва барқарорликнинг маъносини яхши тушунади. Ташқаридан киритилган фуқаролар урушини бошидан кечирган тожик миллати ҳар қандай муаммога ҳарбий ечимни рад этади", деган уч соатга яқин нутқ сўзлаган Имомали Раҳмон.

Қашшоқлик ва коррупция

Шу йил бошида АҚШда чиқадиган "Тайм" журнали Тожикистон президентини ағдарилиш эҳтимоли катта бўлган 10 раҳбар жумласига киритган.

"Тайм" экспертларининг фикрича, Имомали Раҳмон бошқаруви остидаги Тожикистон қонунсизлик гуллаб-яшнаётган қашшоқ давлат ва қўшни Афғонистондан гиёҳванд моддалар транзитида муҳим ўрин тутади.

АҚШ дипломатларининг Викиликс веб саҳифасига сизган ёзишмаларида Раҳмон ва оиласи бутун мамлакат иқтисодини назорат қилиши айтилади.

АҚШ дипломатларига кўра, Тожикистон зилзила, тошқин ва қурғоқчилик сингари офатлардан азият чекади ва бир томондан муаммоли Ўзбекистон, иккинчи томондан эса, беқарор Афғонистонга қўшни.

Аммо Тожикистоннинг энг асосий муаммоси, АҚШ дипломатларининг таъбирича, унинг "сотқин президенти" Имомали Раҳмондир.

Душанбедаги АҚШ элчихонасининиг 2010 йил 16 февралида Вашингтонга йўлланган махфий телеграммасида Раҳмон Тожикистон иқтисодини фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб бошқариши ҳақида сўз боради.

"Мамлакатда бутун ҳокимият, президентдан тортиб, бурчакдаги милиционергача, таниш-билишчилик ва коррупция ботқоғига ботган", дейилади ҳужжатда.

"Раҳмон ва унинг оиласи Тожикистоннинг энг йирик банки дохил, барча асосий корхоналарини назорат қилади. Улар ўзларининг бизнес манфаатларини зўр бериб ҳимоя қиладилар ва мамлакат иқтисодига етадиган зарар билан ишлари йўқ. Хорижий элчилардан бири айтгани каби, президент Раҳмон "100 доллардан 30 фоиз улуш олгандан кўра, 10 долларнинг 90 фоизини олишни афзал билади".

Ғарбдаги таҳлилчилар узоқ вақтдан буён якка шахслар томонидан бошқариб келинаётган Марказий Осиё давлатларидаги вазият Яқин Шарқдагига ўхшаш эканини айтишади.

Аммо Британияда чиқадиган "Экономист" ҳафталигининг минтақа бўйича мухбири Биргит Брауэрга кўра, ўхшашликларга қарамасдан, ҳозирча араб давлатларидаги инқилоблар Марказий Осиёнинг мусулмон давлатларида ҳам юз беради, дейишга асос йўқ.

"Бу ердаги одамлар вазиятни Яқин Шарқдан кўра, кўпроқ Қирғизистонга қиёслашади. Улар Қирғизистондаги инқилоблар қашшоқлик, коррупция ва этник беқарорлик олиб келганига қараб, хулоса чиқарадилар", - дейди Биргит Брауэр.