Қирғиз бош вазири жанубдаги воқеаларни такрорлаш ҳаракатларидан огоҳлантирди

Image caption Қирғиз ҳукумати жанубда вазиятни барқарорлаштиришдан манфаатдор кишилар борлигини айтмоқда

Қирғизистон Бош Вазири Алмазбек Атамбаев мамлакат жанубида ўтган йил ёзида юз берган қонли воқеаларни такрорлаш мақсадида иғвогарлик ҳаракатлари амалга оширилаётганидан огоҳлантирган.

"Маҳаллий аҳоли томонидан ҳуқуқ-тартибот кучлари, энг аввало милициянинг ноқонуний ҳаракатларига норози бўлган даъволар жуда кўп. Ҳар ҳил миллатлардаги фуқароларга қарама-қарши муносабат қилиш ҳодисалари кузатилган. Шу сабабдан ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўп раҳбарлари лавозимларидан четлатилди", - деди бош вазир.

Атамбаевнинг бу баёноти жанубдаги Жалол-Обод вилоятининг Майлуу-Суу шаҳрида ишдан олинган ҳоким Турғунали Ориповнинг таҳминан эллик тарафдори шаҳар биносини эгаллаб олишларига тўғри келган.

Бу одамлар айнан бош вазир қарори билан яқинда ишидан четлатилган ҳокимни лавозимига қайта тикланишини талаб қилишган.

Image caption Расмий Бишкекнинг Ўш ва Жалолободдаги воқеалар борасидаги сиёсати халқаро танқидларга учраган

Сўнгги ҳафталарда жанубий вилоятларга кўп сафар қилаётган Алмазбек Атамбаев ўз иш сафарларининг бирида Майлуу-Суудаги оғир ижтимоий вазиятни беқарорлик давоми дея тасвирлаб, ҳоким Ориповни лавозимидан четлатган.

Пайшанба куни эса бош вазир қарори билан Майлуу-Суунинг муваққат ҳокими этиб Ирисбек Изабеков тайинланганди.

Айни пайтда ҳоким вазифасини амалда ким бажараётгани тўғрисида маҳаллий аҳолидан қарама-қарши маълумот келмоқда.

Четлатилган ҳокимининг тарафдорлари Ўш-Жалол-Обод магистрал йўлини тўсиб қўямиз, дея пўписа қилишмоқда.

Қирғизистондаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевга кўра, аҳолиси 15 минг кишидан сал кўпроқ Майлуу-Суу шаҳарчасида йил бошидан бери деярли тўхтовсиз норозилик намойишлари ўтказилади.

Маҳаллий яшовчилар шаҳарда жиноятчилик ўта кучайганидан ғазабда ва оғир жиноятларнинг зудлик билан ошкор этилишини талаб қилишмоқда.

Ҳоким четлатилишидан сал аввалроқ Жалол-Обод вилояти ички ишлар бошқармаси Майлуу-Суу милициясининг раҳбариятини ва оғир жиноятлар бўйича бўлим ходимларини ишдан олган.

Сиёсатшунос Марс Сариев вазиятни сунъий йўл билан беқарорлаштириш ҳаракатлари жанубда аввал ҳам юз берганини айтади ва бунга ҳукумат энди эътибор бераётганини қўллаб-қувватлайди.

"Атамбаев Ўшга бориб иғвогарлик эҳтимоли тўғрисида айтгани тўғри бўлди, чунки бу ҳукумат вазиятни назоратга олаётганидан хабар беради. Ўтган йилдан бери ўзбек аҳоли милиция ходимларидан жуда норози", - Сариев.