Афғонистонда "ал-Қоида" қўмондонларидан бири ҳалок этилди

Қандағор қамоқхонаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Маҳбуслар қамоқхонадан қочиш учун туйнук қазишган

Афғонистондаги халқаро кучларга кўра, улар мамлакатнинг Покистон билан чегарадош Кунар вилоятида "ал-Қоида" тармоғининг иккинчи йирик қўмондонини ҳалок этганлар.

Абу Нафс ал-Наждий номи билан ҳам таниш Абдул Ғани Толибон учун Афғонистон ҳудудида ҳарбий-ўқув жамлоқлари ташкил этган ҳамда қабила бошлиқлари ва хорижийларга қарши ҳужумлар уюштирган.

Саудия Арабистонининг собиқ фуқароси Абдул Ғани НАТО томонидан қидирилаётган "ал-Қоида" қўмондонлари рўйхатининг иккинчи қаторида турган.

Афғонистондаги халқаро кучлар вакилларига кўра, Абдул Ғани ҳаво ҳужумида ҳалок этилган.

Айни дамда афғон расмийлари якшанбага ўтар кечаси Қандаҳор қамоқхонасидан қочган 475 маҳкумдан 65 нафари қайта қўлга тушганини айтганлар.

Маҳкумларнинг аксари Толибон жангчилари бўлишган.

Бироқ Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Куентин Соммервилнинг айтишича, Қандаҳор қамоқхонасидан юзлаб маҳкумларнинг қочиши минтақа хавфсизлигини издан чиқариши мумкин.

Афғонистон президентининг сўзчиси Қандаҳор қамоқхонасидан маҳкумларнинг қочишини "ҳалокат" дея таърифлаганди.

НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетиш жараёнига тайёргарлик кўрмоқдалар.

Афғонистон хавфсизлигини миллий армияга топшириш жараёни июл ойидан бошланиши кутилмоқда.