Москва вилоятида тўртта депортация маркази барпо этилади

Россиядаги муҳожирлар
Image caption Россия миграция расмийларининг билдиришларича, сўнгги ойларда Москва шаҳри ва вилоятида юзларча ноқонуний муҳожирлар қўлга олинган

Москва вилояти раҳбарияти депортация қилиниши назарда тутилган муҳожирлар учун 4та махсус марказ қуриш қарорига келган.

Ҳар бири 200 нафарга мўлжалланган марказ бинолари Москва вилоятининг тўрт томонида, шарқ, ғарб, шимол ва жанубида барпо этилади.

Айни вақтда кузатувчилар янги депортация марказларининг пайдо бўлиши билан янада кўпроқ муҳожирни ватанига депортация этилиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда. Қурилиши белгиланган марказларда суд қарори билан депортацияга тушган хорижийлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушлаб турилади.

Расмийларга кўра, Москва вилоятида ноқонуний муҳожирлар сони ортиб бораётгани боис шундай қарор олинган.

Айни вақтда Москвадаги "Миграция тадқиқотлари маркази" бош эксперти Анна Зайочковскаянинг фикрига кўра, Москва ҳукумати қарори депортация марказларидаги вазиятни яхшилаши мумкин.

"Сиз, мисол учун, Шереметево аэропортига борган бўлсангиз, у ерда ушланган муҳожирларга кўзингиз тушган бўлиши керак. Хусусан, аэропортларда қўлга олинганлар қийин шароитларда ушлаб турилади. Менимча, янги махсус марказлар қурилиши билан айни борадаги мавжуд вазият яхши томонга ўзгартириши мумкин", дейди Анна Зайочковская.

Россияда миграция рўйхатидан ўтмаган ва ишлаш рухсатномасисиз ишга ёлланган хорижий маҳкама чиқарган ҳукм бўйича ватанига депортация этилиши мумкин.

Ҳуқуқ фоллари Россияда меҳнат муҳожирларини ноқонуний депортация қилиш ҳоллари кенг тарқалганига ишора этишади.

Москвалик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг фикрича, Россия депортация марказларида сақланаётган хорижийлар аксарияти Марказий Осиё фуқаролари ҳисобланади.

"Москва минтақасида депортацияга тушган айрим марказий осиёлик муҳожирлар бизга телефон ва ё мактуб орқали мурожаат қилишади. Улар, мисол учун, 5-7 кишига мўлжалланган битта хонада, 20 дан ортиқ киши яшаётганини айтишади. Шу қаторда, кўплаб муҳожирлар ўзларига нисбатан ноҳақ депортация ҳукми чиқарилганидан шикоят қилишади. Яна бир энг жиддий муаммо бу муҳожирларнинг депортация марказида узоқ муҳлат сақланишларидир. Айрим хорижийлар Россия депортация марказларида ярим йилга қадар ушлаб турилади", дейди Баҳром Ҳамроев.

Россия миграция расмийларининг билдиришларича, сўнгги ойларда Москва шаҳри ва вилоятида юзларча ноқонуний муҳожирлар қўлга олинган. Яқинда Москва ғарбидаги бомбапаноҳда полиция 150 нафарга яқин Марказий Осиёлик ноқонуний мухожир ҳибсга олгани хабар қилинганди. Расмийларга кўра, муҳожирларнинг аксарияти депортация қилиниши мумкин.