Туркманистонда 'Ахалтекин' гўзали танлови ғолиби янги 'Тойота'лик бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Дунёга ўзини улкан газ захираларидан ташқари, гўзал отлари билан ҳам танитишга уринаётган Туркманистонда илк бор Ахалтекин отлари орасида гўзаллик танлови уюштирилди.

"Гўзаллик тожи" 10 та сара тулпор ичидан зулукдек қоп-қора "Хонбеглер"га насиб этди.

Ҳакамлар ҳайъатига кўра, "Хонбеглер" ёш отларга хос бўлмаган ажойиб хулқ-атвори билан ўзларини ром қилган.

Ҳакамлару танловга йиғилган минглаб томошабинларни ўзига мафтун қилган отининг ортидан соҳиби Овлягули Шерипов ҳам янги "Тойота"лик бўлиб қолган.

Устига устак, ғолибга топширилган "Тойота"да "Туркманистоннинг ҳурматли президентидан совға," деган сўзлар ҳам битилган.

Туркманистондаги Ахалтекин отларининг сони уч мингдан ортади ва бу отлар ўзининг зотдорлиги, гўзаллиги, қанчалар келишганлиги билан ажралиб туради.

Бундан ташқари, апрел ойининг сўнгги якшанбаси Туркманистонда "Ахалтекин отлари" куни сифатида нишонланади. Ва ҳар йили шу куни мамлакатда отлар орасида турли хил мусобақалар, пойгалар ва танловлар уюштирилади.

Гўзаллик танлови ғояси ҳам марҳум туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ўлими ортидан аста-секинлик билан мамлакатининг имижини ўзгартиришга ҳаракат қилаётган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан шу йил бошида ўртага ташланганди.

Туркман раҳбарининг ўзи ҳам отнинг ашаддий ишқибози экани, бўш вақтларида отда юриб, ҳордик чиқаришни яхши кўриши айтилади.

Ахалтекин отлари Туркманистонда ўзига хос ифтихор рамзига айланган, давлат рамзининг марказидан ўрин олган ва қатор хорижий давлат раҳбарларига энг олий ҳадя сифатида тортиқ этилган.

Марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг 2004 йилда атайин Ахалтекин отларига атаб нақ 20 миллион АҚШ долларига ҳордиқ марказини қурдириши кўпчиликни ҳайрону лол қолдирганди.

Ҳордиқ марказининг яна чўмилиш ҳавзаси, тиббиёт масканларига эга экани ва ҳаво совутгичлар билан шамоллатиб турилишига нима дейсиз?

Туркманистонда ҳар хил кунларни байрам қилиш эса, сўнгги йигирма йил ичида анъанавий тус олиб улгурган.

Ахалтекин отлари кунидан ташқари, мамлакатда яна сув, қовун ва гилам кунлари ҳам нишонланади.