Оврўполиклар ташрифи Туркманистондаги инсон ҳақлари аҳволини яхшилайдими?

Image caption Аннақурбон Аманқиличевнинг аҳволидан рафиқаси тўрт йил давомида бехабар қолди

Туркманистон дунёнинг энг репрессив диктаторлиги ҳисобланади, шундай экан Оврўпо Иттифоқи нима учун Марказий Осиёнинг бу мамлакати билан яқин иқтисодий муносабатларга интилмоқда?

Қарийб тўрт йил мобайнида Селби Аманқиличева турмуш ўртоғининг тақдиридан бехабар эди, у қаерда, тирикми ўзи?

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланган география ўқитувчиси Аннақурбон Аманқиличев ҳақида маълумот бериш ҳақидаги барча сўровларни расмийлар рад этдилар. Унинг рафиқаси жамоатчилик олдида Аннақурбоннинг номини тилга олмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Ниҳоят турмуш ўртоғи у билан кўришишга муваффақ бўлганда, Аннақурбон Каспий денгизига яқин саҳродаги таниқли қамоқхонада сақланаётган эди.

"Бу жуда ҳаяжонли учрашув бўлди", дейди Туркманистон Хелсинки жамғармаси асосчиси Тожигул Бегметова. "Аннақурбон танимас бўлмас даражада озиб кетган эди".

Унинг тақдири Туркманистонга шу ҳафтада сафар қилган Оврўпо Парламенти аъзолари кўтарган масалалар рўйхатига киритилган.

Мен Аннақурбон Аманқиличев билан 2005 йил кузида Туркманистонга сафарим чоғида кўришган эдим, мен журналист эканлигимни расмийлардан яширган - мақсадим XXI асрнинг энг репрессив диктаторлиги ҳукмронлиги остида яшаш қандайлигини ўрганиш эди.

Аннақурбон менга пойтахт Ашхобод бўйлаб сафаримда ҳамроҳлик қилган, радиолавҳалар тайёрлашимда кўмаклашган эди.

"Сотқинлар"

Унинг эски автомобилида биз Ашхободнинг ҳашаматли бинолари ва олтин ҳайкалларидан узоқ қаровсиз маҳалларига борган эдик.

2006 йил июнида, менинг Туркманистонга сафаримдан олти ой ўтиб, Аннақурбонни франциялик тасвирга олиш гуруҳи билан бирга ишлаётган пайтида ҳибсга олишди. Бошида у ҳамда яна бир фаол Сапардурди Ҳожиевни жосусликда айблашди. Кейин айбловлар ўқотар қурол-яроғни ноқонуний қўлга киритиш айбловига алмаштирилган.

Аманқиличев оиласи аъзоларининг айтишича, Туркман хавфсизлик хизматлари унинг автомобили ичига ўқларни ташлаб қўйган. Ёпиқ ўтган маҳкамаларга қариндошларнинг киришига рухсат берилмаган.

Туркман давлат телевидениеси фаолларни "жамоатчилик норозилигини уйғотиш мақсадида туҳмат ахборотни йиғишда" айблади, уларга етти йиллик қамоқ жазолари тайинланди.

Image caption Туркман қамоқхоналаридаги аҳвол аянчли деб таърифланади

Туркманбоши шаҳри яқинидаги қамоқхонадаги аҳволни аянчли деб таърифлашади, жазо муассасаси мунтазам маҳбуслар билан тўлиб-тошган, озиқ-овқат, дори-дармон ва тоза ичимлик суви етишмайди.

Бу жойнинг об-ҳавоси ҳам жуда оғир, қишда ҳаво ҳарорати минус 20 гача тушиб кетади, ёзда эса 50 даражадан ошади.

Ўтган йили муҳожиротдаги Туркман фаоллари эълон қилган ҳисоботда бу қамоқхонада мамлакатдаги жазони ижро этиш муассасалари орасида ўлим ҳоллари энг кўпқайд этилган. Маҳбусларнинг сил ва бошқа юқумли хасталиклардан вафот этгани ҳам аниқланган.

Аннақурбонни ҳибсга олишганидан кейин ўқитувчи рафиқасини ишдан ҳайдашган, тўнғич фарзандини Ашхободдаги мактабдан чиқариб юборишган. Аннақурбоннинг бошқа қариндошлари ҳам ишларидан айрилганлар.

Кун кўриш мақсадида уч фарзанднинг онаси уйида борини чиқариб сотишга мажбур бўлмоқда. Уни Туркман махфий полицияси - МНБ агентлари давомли равишда таъқиб этиб келадилар.

Янги ҳибслар

"Улар бизнинг мамлакатимизда бартараф этилиши керак бўлган камчиликлар кам эканлигини кўрсатишни истайдилар ва бунга расмийларнинг ўзилари ҳам қўшиладилар. Ижтимоий масалалар ва таълим тизимидаги ҳамда тиббиёт соҳасидаги муаммолар ҳақида гапириш ватанга хиёнат ҳисобланмайди", дейди Тожигул Бегметова.

Кўпчилик умрбод президент Сапармурод Ниёзовнинг ўлимидан кейин Туркманистонда ўзгаришлар бўлишига умид қилганди. Унинг сиёсий вориси Гурбангули Бердимуҳамедов 2006 йил декабрида ҳокимиятга келганида қатор сиёсий маҳбусларни озод этган эди.

Шундан кейин Туркман ҳукумати бошқа ишларни ҳам қайта кўриш чиқиш чақириқларини рад этиб келади, ҳатто сиёсий маҳбуслар мавжудлигини тан олмайди. Ҳозирги пайтда қамоқхоналарда сиёсий айблар бўйнига қўйилган қанча одам борлиги ҳам номаълум.

Ўтган ой қатор фуқаролик жамияти фаоллари ҳибсга олинди, улар орасида 80 ёшли "Озод Оврўпо" радиосининг ҳамкори ҳам бўлган, уни руҳий шифохонага ётқизишди.

Image caption Туркманистон Хелсинки жамғармаси асосчиси Тожигул Бегметова Булғористонда муҳожирликда яшайди

Оврўпо Парламенти аъзоларидан иборат ҳайъат Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини баҳолаш ва Оврўпонинг бу мамлакат билан савдо-сотиқ алоқаларини чуқурлаштириш имкониятларини ўрганиш мақсадида Ашхободга етиб бордилар.

Июн ойида Оврўпо Парламенти Шериклик ва Ҳамкорлик келишуви учун овоз беради.

Бу битим Оврўпо учун Туркманистоннинг бой газ заҳираларига йўл очишни назарда тутади. Оврўпо Иттифоқининг асосий дипломати баронесса Кэтрин Эштон ушбу ғоянинг қатъий тарафдоридир.

Ўтган йил ноябрида Эштон хоним Туркманистон билан бу келишув қадриятлар, шу жумладан инсон ҳуқуқларини ҳам яхшилашда қўшимча дастак бўлишини" айтган эди.

Бироқ Финландиянинг Яшил партияси аъзоси ва Туркманистонга борган ҳайъат аъзоси Хейди Ҳаутала бунга ишончсизлик билан қарайди.

Марказий Осиё сафарига йўл олишдан олдин гапирган Ҳаутала хоним Туркманистонда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши ва қонун устуворлиги таъминланишига умид камлигини айтган.

Туркман ҳукумати расмийлари ва Президент Бердимуҳамедов билан учрашувлардан ташқари оврўполик парламент ҳайъати сиёсий маҳбуслар билан учрашишни сўрамоқчи. Ҳайъат аъзолари Аманқиличев ва Ҳожиев сақланаётган қамоқхонага киришга рухсат берилишига ишонмайдилар.

Ўтган йили БМТ бу фаолларнинг тутқунликда сақланиши халқаро қонунларнинг поймол этилиши дея баёнот тарқатган эди. Бунга жавобан Ашхободдаги АҚШ элчихонасига уларнинг тиббий аҳволи ҳақида қисқа маълумот юборилган.

Бегметованинг сўзларига кўра, Селби Аманқиличева ташқи босимлар, хусусан, Оврўп Парламенти босимидан кейингина турмуш ўртоғи билан кўриша олган.

Сиёсий маҳбусларнинг яқинлари Оврўпо Парламенти аъзоларининг Ашхободга ташрифи уларнинг "инсон ҳуқуқларига содиқлигини намойиш этади" ва "қуруқ гаплардан кўра" Туркман ҳукуматига босим кўрсатади, деб умид қиладилар.