Қирғистонда парламент депутатининг уйида портлаш юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Парламент депутати Марат Султонов номаълум қуролли шахсларнинг ҳужумига учраётган биринчи сиёсатчи эмас

Қирғизистондан келаётган хабарларда айтилишича, ўтган тунда мамлакат парламентининг “Ота-Журт” партияси фракцияси депутати Марат Султоновнинг уйига ҳужум қилинган.

Депутатнинг ҳовлисида юз берган портлаш унинг касбий фаолияти билан боғлиқ экани гумон этилмоқда.

Шу пайтгача маълум бўлган хабарларга кўра, унинг уйига номаълум шахслар томонидан граната ирғитилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч кимга зиён етмаган, фақат уйнинг эшиги, деразаси ва томига шикаст етган, холос.

Милиция ходимлари жорий пайтда юз берган воқеа сабабини ўрганишмоқда. Улар текширув ишлари якунланмагунча бирор бир нарса айтолмасликларини билдиришган.

Олий Кенгаш аъзоси ҳеч бир душмани йўқлиги, шунинг учун ҳам кимдандир гумон қилолмаслигини айтмоқда.

“Балки, бу менинг сиёсий маслагим маъқул келмаган кучлар томонидан уюштирилган иғвогарлик амали бўлиши мумкин. Менинг яна бир нечта тахминларим бор. Аммо ҳозир уларни ошкор қилолмайман, чунки ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни ўрганишмоқчи,” деб айтган жаноб Султнов.

Марат Султонов пойтахт Бишкек яқинидаги Ўрта-Сой қишлоғида яшаган.

У Асқар Акаев ва Қурмонбек Бакиевлар президентлиги даврида ҳам кўзга кўринган сиёсатчилардан бўлган.

Сўнгги пайтларда мамлакат оммавий-ахборот воситаларида жаноб Султоновнинг шу йил охирларига режаланган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришига оид тахминлар ҳам кучайганди.

Қирғизистонда буюртма қотилликлардан ташқари, давлат арбоблари ва сиёсий фаолларга қарши қуролли ҳужумлар бундан аввал ҳам содир этилган.

Мамлакат мухолифати сафида фаолият олиб борган пайтларида Қирғизистоннинг жорий президенти Роза Ўтинбоеванинг уйига ҳам номаълум қуролли шахслар томонидан граната ирғитилган.