АҚШ ва Қозоғистон Президентлари глобал ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилдилар

Image caption Апрел ойидаги эрта сайловларда жаноб Назарбоев навбатдаги маротаба Президент этиб сайланди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг расмий Интернет саҳифасининг маълум қилишича, АҚШ Президенти ташаббуси билан икки раҳбар телефон орқали суҳбатлашдилар.

AFP хабар агентлигининг Оқ Уй томонидан чиқарилган баёнотга иқтибосан хабар беришича, АҚШ Президенти телефон суҳбати мобайнида демократик ислоҳотлар масласини кўтариб, Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланишига кенгроқ сиёсий ўзгаришлар ҳам ҳамроҳ бўлиши кераклигини урғулаган.

Қозоғистон Президенти Интернет саҳифасида айтилишича эса, суҳбат вақтида глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари кўриб чиқилиб, жаноб Обама Қозоғистоннинг айниқса Афғонистондаги барқарорликка қўшаётган конструктив ҳиссасини олқишлаган.

Қозоғистон АҚШнинг Афғонистондаги кўп минг кишилик кучларига таъминот етказиш йўлида муҳим минтақавий ҳамкордир.

Шу йил бошларида Қозоғистонда жаноб Назарбоев президентлик муддатини референдум орқали 2020 йилга қадар узайтириш ҳаракатлари ғарб томонидан танқидга тутилган.

Кейинчалик референдум ғояси рад этилиб, апрел ойи бошларида эрта сайловлар ўтказилди ва Нурсултон Назарбоев 95 фоиз овоз билан ғолиб, дея эълон қилинди.

Халқаро кузатувчилар Қозоғистондаги сайловларни "эркин ва адолатли эмас", дея баҳолагандилар.