Қозоғистон АҚШ билан транзит битимини қонунан маъқуллади

Қозоғистон Америка билан Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминотида ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга изн берувчи битимни расман маъқуллаган.

Бугун ратификация этилган битим турли юклар ва шахсий таркиб транзитини кўзда тутади.

Қирғизистон президентининг расмий веб саҳифасида бугун эълон қилинган хабарда айтилишича, ушбу келишув Афғонистонда хавфсизлик, барқарорлик ва қайта қуриш ишларининг кўнгилдагидек боришини кафолатлашга хизмат қилади.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига қаралса, Америка бошчилигидаги кучларнинг 2001 йилги ишғоли ортидан юклар ва ҳарбийлар тушган 10.000 га яқин учоқ ўз ҳаво ҳудудлари орқали Афғонистонга ўтган.

Сўнгги йилларга келиб, Покистоннинг Афғонистон билан чегарасида вазиятнинг ёмонлашиб кетиши америкалик ҳарбийларни муқобил таъминот йўлини излашга мажбур қилганди.

Бунинг ортидан Афғонистондаги хорижий қўшинлар таъминоти масаласида Россия ва Ўзбекистондан ҳам ўтувчи шимолий таъминот йўлларига боғлиқ бўлиб қолишган.

Қозоғистоннинг Афғонистон билан умумий чегараси йўқ, бироқ у бошқа уч Марказий Осиё мамлакатлари билан чегарадошдир.

АҚШ Қозоғистон билан Афғонистонга мазкур қўшимча шартномани ўтган йилнинг ноябр ойида имзолаганди.

Янги келишув Америка ҳарбийларининг Афғонистонга шахсий таркиб ва қурол-яроғ етказиш масаласида вақт ва маблағларини тежаши айтилади.

Мазкур ҳужжат Қозоғистоннинг Афғонистонга ҳарбий мутахассислар юбориш қароридан кўп ўтмай имзоланган ва икки давлат президентларининг ташаббуси натижаси бўлган.

2010 йилнинг 12 апрелида учрашган Барак Обама ва Нурсултон Назарбоев АҚШдан Афғонистонга шимолий қутб орқали учиш имкониятларини муҳокама қилган эди.

Келишувда қанча вақт ва маблағ тежалиши ҳамда Қозоғистон кўрадиган фойда ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Бундан ташқари, Қозоғистон 2009 йилнинг феврал ойида АҚШга қуруқлик орқали Афғонистондаги амалиётларга ҳарбий бўлмаган юкларни олиб ўтишга ҳам рухсат берганди.

АҚШ Қозоғистонга энг кўп сармоя киритган ҳамкор давлатлардан ҳисобланади.

Кузатувчилар Қозоғистоннинг ҳарбий соҳадаги яқинликларини иқтисодий алоқалардан келиб чиқиш билан бирга, қудратли қўшниси бўлган Россия таъсири остига тушиб қолмаслик ҳаракати сифатида ҳам изоҳлашади.