ОХҲТ Қирғизистон жанубида янги можароларнинг олдини олиш ишларига бош қўшмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ўтган йили қонли миллий низоларга саҳна бўлган Қирғизистон жанубида янги можароларнинг олдини олиш учун IRET маҳаллий ноҳукумат ташкилоти ва Ўш вилоят маъмурияти билан ҳамкорликка оид меморандум имзолаган.

Қирғизистон ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, томонлар ўтган йилги зўравонликлардан энг кўп жабр кўрган Ўш вилоятининг етти туманида музокарачилар тармоғини ташкил этиш устида иш олиб боришмоқчи.

Айтилишича, янги лойиҳадан мақсад Қирғизистон жанубида яшовчи турли миллат вакиллари орасида тинчликни тарғиб этиш, миллий тоқатлиликка ундаш ва ҳар қандай зиддиятларга барҳам беришга қаратилган.

Режага мувофиқ, расмийлар ва фуқаровий ташкилотлар танлови билан ҳар бири 22 кишидан иборат еттита гуруҳ ташкил этилади. Уларни тузишда кишиларнинг жинси, ёши ва миллати инобатга олиниши ҳам алоҳида таъкидланади.

Ғазабнок оломон ва маҳаллий лидерлар билан қандай ишлаш масаласида бўлажак музокарачиларга сабоқ бериш вазифасини Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бажаради.

Халқаро ташкилотга кўра, "янги лойиҳанинг қиёси йўқ"дир.

Аён бўлишича, музокарачилар махсус тайёргарликдан ўтгач, ҳукумат хавфсизлик тизимлари билан мувофиқликда ўз фаолиятларини олиб боришади.

Бирор бир зиддият келиб чиққан тақдирда ҳам қирғиз хавфсизлик кучларининг кўмагига таяниб, иш тутишади.

Қирғизистон жанубига Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик кучларининг полициячилар маслаҳат гуруҳини юбориш режаси эса, орадан бир йил ўтса-да, ҳануз тўлиқ ижросини топганича йўқ.

Шу йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида аксарияти ўзбеклардан иборат минглаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган қонли этник низоларга бир йил тўлади.

Яқинда Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов ҳам шаҳар расмийлари янги этник зиддиятнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришларини айтганди.

Жаноб Мирзақматов "бу йил ҳам осойишта эмаслиги ва нималар юз бериши мумкинлигини башорат қилолмаслиги"ни алоҳида таъкидлаганди.

Ўш шаҳар ҳокимига кўра, Қирғизистон жанубидаги "экстремист ва миллатчи-бўлгинчи гуруҳлар беқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришлари мумкин".

Россиянинг "Регнум" ахборот агентлиги ҳам Ўш вилоятида қўриқчиларнинг сони 500 нафарга оширилганига оид хабар тарқатган.

Вилоят ҳокими агентлик келтирган иқтибосида бунинг сабабини, "минтақада вазиятни издан чиқариб, ўтган йилги ҳодисаларни таrрорлаш истагида бўлган ички ва ташқи кучлар бор"лиги билан изоҳлаган.

Агентлик 4 май куни Қирғизистонда 12 давлат вакиллари иштирокида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўқув-машғулотлари бўлиб ўтиши ҳақида ҳам хабар берган.

Минглаб кишилар қурбон бўлгани айтилган қонли этник низолар ортидан эса, миллий байрам ёки ҳайит кунларида Қирғизистон жанубида хавфсизлик чораларини кучайтириш одатий тус олган.

Маҳаллий аҳоли орадан қарийб бир йил ўтса ҳам, минтақада вазият танг экани, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани ва зўравонликлар оқибатларини бартараф этиш учун ҳукумат томонидан етарлича ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят этиб келишади.