ҲРВ: 'Қирғиз ҳукумати халқаро комиссия тавсиялари асосида иш тутиши керак'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, Қирғизистон ҳукумати ҳисоботдан ўрин олган тавсиялар асосида иш тутиши лозим.

"Ҳукумат комиссия қўлга киритган далилларга синчковлик билан қараши ва тавсияларини бажариши керак", дейди ташкилот тадқиқотчиси Оле Солванг.

Солванг хоним халқаро ҳайъат ҳисоботда қатор диққат талаб қиладиган нуқталар мавжудлигини таъкидлайди.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, халқаро мустақил тергов ҳайъати нафақат ҳодисалар тафсилотларини хронологик изчил тарзда тақдим этган, балки зўравонликларни келтириб чиқарган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва тарихий омилларини таҳлил қилган. Тергов хулосалари 750 дан ортиқ гувоҳ билан суҳбат, 700 та ҳужжат, 5.000 га яқин фотосурат ва 1.000 та видеолавҳа асосида чиқарилган.

Ҳисоботда ҳар икки этник қирғизлар ва ўзбекларга қарши қилинган зўравонликлар тафсилотлари акс этган. Комиссия 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайян ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкинлигини айтган. Ўз ўрнида, ҳисоботда таъкидланишича, исбот талаб қилмайдиган мазкур хулоса ҳар қандай маҳкама томонидан тасдиқланиши мумкин.

Комиссия ҳисоботида, айниқса, зўравонликлар жараёнида оламоннинг қўлида қуроллар, ўқ-дорилар ва ҳатто зирҳли ҳарбий машиналар бўлганидан алоҳида хавотир билдирилади. Унда айтилишича, баъзи хавфсизлик хизмати ходимлари ўзбек маҳаллаларига қилинган ҳужумларда иштирок этган.

Ҳюман Райтс Вотчнинг урғулашича, жиноятлар табиати ва жиддийлиги баҳсу мунозарани эмас, адолатни юзага чиқаришни талаб қилади.

"Барча жиноятлар текширилиши ва тергов қилиниши шарт, чунки ҳар бир жабрдийда адолатни қарор топтиришга лойиқ", дейди Солванг хоним.

Халқаро тергов ҳайъати хулосасида жабр кўрганларнинг 75 фоизи ўзбеклар экани айтилади.

Солванг хонимга кўра, сиёсий жиҳатдан қанчалар оғир бўлмасин Қирғизистон ҳукумати буни тан олиши керак.

Қирғизистон расмийлари жанубда содир этилган зўравонликлар бўйича минглаб жиноий ишлар очган. Аммо, халқаро комиссия ҳисоботида таъкидланишича, ҳукумат ўзбек озчилигини таъқиб қилишда давом этмоқда.

Ҳюман Райтс Вотчга кўра, ҳукуматнинг текширувларга бирёқлама ёндашуви этник гуруҳлар ўртасида фақат тангликни кучайтириш ва Қирғизистоннинг халқаро доирадаги мавқеъини пасайтиришга хизмат қилган.

Ташкилот Қирғизистон ҳукумати зудлик билан бу каби жиддий инсон ҳуқуқлари топталиши ҳолларига барҳам беришга ҳаракат қилиши лозимлигини уқтиради.

АҚШнинг муносабати

Айни пайтда Қўшма Штатлар қирғиз ҳукуматининг халқаро текширувларга ҳамкорлигини олқишлаган.

"Қўшма Штатлар Қирғизистон республикаси ҳукуматини июн ҳодисалари юзасидан Мустақил Халқаро Комиссия текширувларини сўрагани билан табриклайди", деб айтган Америка Давлат Департаменти воизи Марк Тонер.

Шу билан бирга АҚШ тарафи Қирғизистон ҳукуматини янги зўравонликлар бошланиб кетишига йўл қўймасликка чақиради.

"Ишонамизки, 2010 йил июнидаги фожеали воқеаларга оид фактларни холис ва атрофлича тушуниш узоқ муддатли ярашув ва келажакда бундай ҳодисаларга йўл қўймаслик учун муҳимдир", дейди АҚШ расмийси.

Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари Қирғизистон ҳукуматининг миллий ярашувни рағбарлантириш учун айбдорларни жавобгарликка тортиш ташаббуслари ва чақириқларини олқишлаши айтади.

7 кишидан иборат халқаро ҳайъат хулосасига кўра, президент Қурмонбек Бакиевни ҳокимиятдан четлатган апрел ҳодисалари ортидан Қирғизистонда қудратга келган ҳукуматининг заифлиги юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган июн ҳодисалари ортидаги асосий омил бўлган.