Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғиз жанубидаги зўравонликлар борасида чиққан ҳисоботни ўзбек аҳоли қандай баҳолади?

Image caption Халқаро ҳисоботда зўравонликларда қурбон бўлганларнинг 74 фоизи ўзбеклар бўлгани айтилди

Қирғизистон жанубида ўтган йил июн ойида содир бўлган этник зўравонликлар борасида ўтказилган ҳалқаро текширув ҳайъати ўз ҳисоботини тақдим этар экан, расмий Бишкек унинг баъзи хулосаларини қабул қила олмаслигини билдирган.

Қирғизистон мудофаа вазири эса армиянинг Ўшдаги ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумларда иштирок этгани борасидаги хулосани "асоссиз" дея рад этган ва бутун ҳисоботни "бир томонлама" дея баҳолаган.

Ўш ва Жалол-Ободда яшовчи ўзбеклар эса ҳали халқаро ҳайъатнинг бу 90 варақли ҳисоботи билан танишиб чиқмаганлар.

Лекин, кўплар бу ҳужжатда нималар дейилаётгани борасида интернетдаги нашрлардан ёки қирғиз оммавий ахборот воситалари орқали узатилаётган хабарлардан эшитишмоқда.

Ўз исмининг ошкор этилишини истамаган қирғизистонлик ўзбек ҳуқуқшуноснинг айтишича, ҳисоботдан кўп ҳақиқат ўрин олган.

"Мен очиғи суюндим. Биз билиб турган, лекин айтолмаган нарсалар айтилди. Энг асосийси - ўзбеклар автономияга чақирмагани, уларнинг мақсади Қирғизистоннинг сиёсий ҳаётида тенг қатнашиш бўлгани айтилди. Учинчи кучларнинг йўқ бўлгани ҳақидаги хулоса асосийларидан бири бўлди. Шунга хурсанд бўлдик", - дейди у.

Унга кўра, баъзилар ҳисоботда ўзбекларга қарши геноцид бўлмагани айтилганидан норозилар.

"Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, геноцид бўлмаган Қирғизистонда деган хулосани эшитиб, ўзбеклар ҳайрон бўлиб қолишди "бу унда нима бўлган?" деган саволлар туғилиб қолди-да одамларда", - дейди ҳуқуқшунос.

Ҳуқуқшунос халқаро ҳайъатнинг қирғиз жанубидаги оддий аҳолига қарши амалга оширилган ҳужумлар инсониятга қарши жиноятларга тенг деган хулосасидан рози эканини айтади.

Image caption Финляндиялик сиёсатчи Киммо Килюнен бошчилигида тайёрланган ҳисобот учун 750 жабрланган шахслар ва гувоҳлар билан суҳбатлар ўтказилган

Ҳисобот инсониятга қарши жиноятлар амалга оширилди деган эсада, қирғиз ҳукуматининг шартига биноан ҳеч қандай тараф ё шахсни жиноий жавобгарликка тортмайди.

Жиноятчиларни топиш эса Қирғизистон ҳукумати зиммасида.

Матбуот талқини

Ҳуқуқшуносга кўра, айни дамда, қирғиз матбуотида халқаро ҳисоботнинг нотўғри талқин ва тақдим этилаётгани кузатилади.

"Масалан Қирғизистон оммавий ахборот воситаларини очсангиз, интернетда ҳам, миллий телевидениеда ҳам, булар бир тарафлама нарсаларни кўрсатаяпти-да. Масалан, мақолалар сарлавҳаларини ўқисангиз, "Ўзбек тилига расмий статус берилиши керак эмас, дейди жаноб Килюнен", ё бўлмаса "Жанубдаги воқеалар геноцид эмас деб топилди" деган мақолалар чиқаяпти.

Ҳуқуқшуносга кўра, Қирғизистон ичида турли гуруҳлар ҳисоботнинг турли парчаларини олиб, ўз манфаатига мос ҳолда талқин қилишга уринаётир.

У баъзи ўзбекларда ҳисоботга нисбатан шубҳа пайдо бўлганини ҳам айтади.

"Нима учун бу ҳисобот июн воқеаларининг бир йиллик арафасида берилаяпти, нимага буни аввалроқ тайёр бўлганида берилмасдан, айнан июнга яқинлашганда берилаяпти", деб сўрашаяпти, уларнинг фикрида бу яна одамларни гижгижлаш, конфликтга итариш мақсадида қилинаяпти деган шубҳадалар", - дейди ҳуқуқшунос.