Нефтга бой Қозоғистонда тўйлар қандай ўтмоқда?

Қозоқ оқини

Қозоғистондаги тўйлар ҳам дабдаба жиҳатидан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлардан ўтса-ўтадики, асло қолишмайди.

Довруғи бутун шаҳарга кетувчи тўй қилиш учун банкдан қарз олиб тўлолмай юрганлар ҳам талайгина.

Шундай бўлса-да, сўнгги вақтларда турли гап сўзларга эътибор бермай, тўйларни ортиқча харажатларсиз ва одми қилиб ўтказувчилар пайдо бўлаётгани кузатилади.

Муслимбек ва Арайлимларнинг тўйи шуниси билан фарқ қиладики, бири тошкентлик ва иккинчиси Қозоғистоннинг Туркистонидан бўлган келин куёвларнинг тўйи Олма ота шаҳрида бўлмоқда.

Интернет орқали танишган бу ёшларнинг никоҳига катталар оқ фотиҳа беришди ва тўй ҳаражатлари борасида ҳам янгилик қилишди.

"Фарқи шундаки, биз келин тараф - қуда билан келишиб тўйни ҳаммамиз бир кунда Олма отада ўтказаяпмиз. Келин тарафда тўй, маслаҳат каби нарсаларни йиғиштириб, ҳаммасини бир кунда ўтказаяпмиз", дейди куёвнинг отаси Бобомхўжа ака.

Нефт ва газдан ҳамда мисли кўрилмаган хориж кредитлари ортидан Қозоғистонда катта маблағ айлана бошлади.

Табиийки, тўй - ушбу маблағни сарф қиладиган тадбир.

Бурунда маҳаллий халқ тўй қилиш учун қариндош-уруққа солиқ солгани айтилади.

Энди эса ушбу солиқнинг ўрнини банклардан олинадиган кредитлар эгаллаган.

Маҳаллий матбуотда тўй учун банкдан кредит олиб йиллар давомида тўлолмай юриш ҳоллари ҳақида бот бот ёзилади.

Бундан ташқари келинга сарподан тортиб минглаб долларни ташкил қиладиган қалин пули ва уч кунлаб давом этадиган тўйлар кўплаб одамларнинг қаддини букиб қўяётгани айтилади.

Одми тўй

"Қозоқларда аввало қуда тушув бўлади, сирға тақиш, танишиш учун ирга кўриш деган одатлар бор. Кейин Хитойнинг бозорини ёндириб юборадиган мато олишлар бор. Ушбу тўй ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтаётганидан хурсандман," - дейди Тараз шаҳридан тўйга келган Абдулла ака.

Бет очар ёки келин салом деб юритиладиган урф одат тўй базми билан бирга ўтказилмоқда.

Одатда базмдан олдин кичик бир тўй қилиниб, дўмбира чалиб келин салом солинади ва сўнгида дўмбира билан келиннинг юзи очилади.

Қудаларни чақириш маросими бет очар, базм ҳаммаси бирлаштириб 120 одамга мўлжалланган тўйхонада ўтказилди.

Келин томондан келган Анвар оға қишлоқ жойларда камида 300 одам тўйга келишини айтади.

"Бу ерда озроқ одам чақирилса керак. Аммо қишлоқ жойларда 250-300 кам одам билан тўй ўтмайди. Биз томондагилар ўпкалайди деб айтолмаймиз. Бизга шунча келсин деб айтилди, имконини топганлар келдик. Кўпчилик бўлиб келишимиз мумкин эди. Аммо биз шаҳарнинг шароитини биламиз ва шунга мослаб келдик," - дейди қуда томондан келган Анвар аға.

Икки томоннинг келишуви билан қиз томонда умуман тўй бўлмади.

Қиз томон фақатгина 10 кишини меҳмон қилди холос.

Бундан ташқари оғирлик бўлмаслиги учун келин бола уйни мебель билан тўлдирмади, сарполарини ҳам кўпайтирмади.

Фақатгина куёв олиб берган кийимлар ва бир икки кўрпа билан келди.

Ўз навбатида куёв томон ҳам бериладиган қалин пулини икки баравар кам, 1000 доллар бериш билан чекланди.

Сарполарни ҳам кескин қисқартирди.

Мана шу қисқартиришлар билан бирга куёв томон учун тўй саккиз минг долларга тушди.

Тўй эгасининг айтишига қараганда, икки ўртадаги харажатларни қисқартириш ҳақидаги келишув тўйни 5-6 баробар арзон ўтишига сабаб бўлган.

Тўйга келган таразлик Абдулла аканинг айтишича, сўнгги вақтларда тўйларнинг дабдабасиз ўтишини истовчи ёшлар пайдо бўлмоқда.

"Ҳаттоки, бизнинг ёшимиздаги яъни 50 дан ошган одамлардан кўра 25-30 ёшдагилар Исломга жуда яқин. Улар ичкилик ва тамакига қарши, дабдабали тўйларга ҳам қарши,” дейди Абдулла ака.

Ўзбекистонлик ва туркистонлик ёшларнинг тўйи Олма отада одмигина тарзда ўтди. Одмилик ва камҳаржлик ортидан тўй эгаси катта қарзга ботиб қолмаганини айтди.

Аммо кузатувчилар бундай тўйлар ҳозирча дабдабали тўйлар олдида ўта камлигини айтишади.