Қирғизистон:'Халқаро комиссиянинг ҳисоботи вазиятни беқарорлаштириши мумкин '

Image caption Қирғиз ҳукуматига кўра, Ўшдаги танглик сақланиб қолмоқда

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат жанубидаги воқеаларни ўрганиш бўйича халқаро комиссиянинг айрим хулосалари сайловлар арафасида вазиятни беқарорлаштириши мумкинлигини айтган.

Пайшанба куни эълон қилинган баёнотда қирғиз ҳукумати халқаро комиссиянинг "айрим хулоса ва танқидий қайдларига қўшилиши", аммо шу билан бирга қатор хулосаларини маъқулламаслиги айтилади.

"Жумладан,- дейилади баёнотда,жиноятларнинг халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан тасниф этилиши, айбдорларни аниқ исмлари билан аниқлаш, муваққат ҳукуматнинг зиддиятни бартараф этишга қаратилган ҳаракатларининг бир томонлама талқин этилиши".

Ташқи ишлар вазирлиги Қирғиз ҳукуматининг аввалроқ билдирган "2010 йилнинг 10-14 июн кунлари юз берган фожиали воқеалар миллатлараро зиддият бўлгани, унда ҳар икки томон ҳам қуролланган бўлиб, бир-бирларига нисбатан зўравонлик ишлатгани ва қурбонлар бергани" ҳақидаги мавқейини урғулайди.

Баёнотда таъкидланишича, муваққат ҳукумат ҳодисалар учун масъулиятни ўз зиммасидан соқит қилмайди ва буни 2010 йилнинг 16 июнида Қирғизистон халқига мурожаатида очиқ тан олган.

Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз ҳукуматининг халқаро комиссия хулосалари асосан бир этник гуруҳ томонидан содир этилган жиноятларни ҳисобга олиб, айнан шу гуруҳ тарафидан берилган қурбонлар ва талофатларни эътиборсиз қолдиргани ва иккинчи гуруҳни жарбдийда ва ҳимоясиз деб тасвирлагани ҳақидаги эътирозини такрорлаган.

Танг вазият

Баёнотда мамлакат жанубидаги вазиятниннг танглигича қолаётгани, кўпгина ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳануз ечилмагани айтилади.

"Президент сайловларига тарғиботлар бошланган бир шароитда Қирғизистон Текширув Комиссиясининг айрим хулосалари демократик ислоҳотлар мухолифлари томонидан ишлатилиши, вазиятни беқарорлаштириши ва ички реваншист кучларнинг мавқейини кучайтириши мумкин", -деб айтган Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги.

Айни пайтда президент Ўтинбоева мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик кучларидан террорчи ҳужумлар хавфини бартараф этишни талаб қилган.

Ўтган йилги зўравонликлар маркази бўлган Ўшдаги қўшма аксилтеррор амалиётларининг ёпилиш маросимида гапирган Ўтинбоева хонимга кўра, "одамлар гавжум бўлган жойда террорчи ҳужумлар содир этилиш хавфи бор".

"Энг ҳассос жойларда ҳужумларни амалга ошириш билан террористлар жамиятдаги вазиятни беқарорлаштириш, ваҳима уруғларини экиш ва одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказишни мақсад қилиб олишган", - дея Ўтинбоеванинг сўзларидан иқтибос келтиради "Интерфакс" агентлиги.

Аввалроқ Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Кенешбек Дуйшебаев ҳозирги кунда 400 нафаргача, асосан ўзбек миллатига мансуб жангарилар Афғонистон ва Покистондаги жамлоқларда ҳарбий тайёргарликдан ўтаётганликларини даъво қилган эди.

Қирғиз хавфсизлик мулозими бу қирғизистонликларнинг ўтган йил июнидаги воқеалардан сўнг Афғонистонга ўтганликларини айтиб, уларни "бўлгинчилар" деб атаган.

У айни гуруҳ Афғонистонда "Қирғизистон Исломий Ҳаракати"ни тузганини ҳам даъво қилган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, ҳозирга қадар бу каби ҳаракатнинг мавжудлиги ҳақида бирон маълумот йўқ.

Қирғизистон хавфсизлик хизмати раҳбарининг баёноти мамлакат жанубидаги зўравонликлар юзасидан тузилган халқаро комиссиянинг ҳисоботи эълон қилинишидан бир неча кун аввал янграган.

Сўнгги кунларда Қирғизистон Ўзбекистон билан чегарада хавфсизлик чораларини кучайтираётгани ҳақида ҳам хабарлар олинган.

Пайшанба куни Ўшда гапирган президент Ўтинбоева қирғиз ҳукумати халқаро комиссия тавсияларини бажариш учун "қўлидан келган барча чораларни кўриши"ни айтган.

Қирғиз хабар агентликлари унинг "Энг аввало биз жанубдаги ҳодисаларнинг такрорланмаслиги учун мустақил комиссия ҳисоботини қабул қилишимиз керак" деган сўзларидан иқтибос келтирган.