Қирғизистон жанубидаги июн қирғини ортидан нималар ўзгарди? - Amnesty International нигоҳида

Amnesty International халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, ўтган йил июн ойидаги миллий низолар ортидан, айниқса, Қирғизистон жанубида инсон ҳуқуқлари жиддий бузилиш ҳоллари рўй берган. Халқаро ташкилотнинг бугун эълон қилган ҳисоботида июн зўравонликлари ва унинг ортидан кечган маҳкама жараёнларига батафсил тўхталиб ўтилади. "Амнести Интернейшнл" ўз ҳисоботида қатор адолатсиз маҳкамалар, асосан миллати ўзбек судланувчиларга берилаётган оғир жазолар ва ҳибсхонада гумондорларнинг қийноққа солинганликларига оид бир қанча даъволарни тилга олади. Ва маҳаллий масъуллар томонидан уларни ўрганишга бўлган истак-хоҳишнинг йўқлигини ҳам айтади. Яқинда финляндиялик сиёсатчи Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро мустақил тергов ҳайъати ҳам худди шундай мазмундаги хулосаларини эълон қилганди. Аммо миллий низолардан бир йилча вақт ўтди, мавжуд муаммолар қирғизистонлик масъуллар нигоҳида қанчалик эътибор топди? Суҳбатдошимиз халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича экспертиМейзи Вайшединг:

Мейзи Вайшединг: Биз шу пайтгача бўлган ҳисоботлардан тергов жараёнларининг олиб бориш йўсини ҳақиқатда ҳам ўзгарганини кўрмадик. Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева ҳам шу йилнинг феврал ойида бу хусусда ўз хавотирларини изҳор этиб чиққанди. Ўтинбоева хоним айбланувчиларни ўзларига қўйилган айбларга иқрор қилдириш учун қийноқлар ҳануз кенг қўлланаётганига оид кўплаб хабарлар олаётганлигини айтганди. Қирғизистоннинг апрел ойида тайин этилган янги Бош прокурори қийноқ ёки номақбул муносабатга оид ҳар қандай даъво ўрганилсин ва натижаси муовинимга билдирилсин, деб буйруқ берди. Биз ҳозир ушбу буйруқнинг қандай ижро этилганини кузатиб турибмиз. Бу - ижобий қадам, биз буни хуш қаршилаймиз. Аммо унинг, айниқса, Қирғизистон жанубида қандай ҳаётга тадбиқ этилишини кўриш истагидамиз.

Би-би-си: Агар биргина Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мисолида оладиган бўлсак ҳам, масъуллар бундан аввал ҳам қийноқларга оид даъволарни текширишга тайёр эканликларини айтишганди-ку, тўғрими?

Мейзи Вайшединг: Биласизми, биз Қирғизистонда бўлиб, бу хусусда Ички ишлар вазирлиги мулозимлари билан гаплашганмиз. Улар қийноқларга оид даъволарни текширишга ҳозир эканликлари, аммо қийноқ ҳоллари кенг тарқалмагани, баъзи ҳолларда айрим милиция ходимлари ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол этган бўлишлари мумкинлигини айтишганди. Аммо ўзаро суҳбатларимиз чоғида Ички ишлар вазири муовини бу масалага жиддий ёндашишлари, дейлик, қийноқларга оид даъволарни шахсан ўзи ҳам ўрганиб чиққанлигини айтиб, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг шикоятини мисол тариқасида келтириб ўтганди. Унга кўра, бошқа бир маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Азиза Абдурасулова билан бирга ҳибсхонага бориб, Азимжон Асқаровнинг ўзидан қийноққа тутилганми ёки йўқлигини сўраганида, унинг, "Йўқ," деб жавоб берган. Бу - Ички ишлар вазири муовини наздида батафсил, мустақил, холис тергов жараёни бўлган. Аммо бизнинг назаримизда бундай эмас. Агар маҳаллий масъулларнинг ушбу масалага ёндашувлари шундай бўладиган бўлса, биз Қирғизистонда ҳалиям жиддий муаммо билан тўқнаш келиб турибмиз. Демоқчиманки, биз янги Бош прокурорнинг янги буйруғини хуш қаршилаш билан бирга, унинг барча миқёсдаги ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан қанчалик жиддий эътибор топишини кўришни истаймиз.

Би-би-си: Ўтган йилги июн воқеаларини ўрганиб, яқинда ўз хулосаларини эълон қилган халқаро мустақил тергов ҳайъатининг хавотирлари ҳам худди сизларникига ўхшаб кетади. Адолатни қарор топтириш мазмунидаги талаблари ҳам сизларники билан бир хил. Агар халқаро мустақил тергов ҳайъатининг ҳисоботи нохолис ва адолатсиз, деган танқидлар остида қолиб кетгани назарда тутилса, сизлар изҳор этаётган хавотир ва илгари сураётган талаблар қанчалик жиддий таъсирга эга бўлиши мумкин?

Мейзи Вайшединг: Биз самара беради, деган умиддамиз. Айниқса, инсониятга қарши жиноятлар масаласида. Биз ушбу масалани охиригача кузатиб бориш истагидамиз. Бундан ташқари, халқаро мустақил тергов ҳайъати тавсияларидан айримларининг ҳам қирғизистонлик масъуллар томонидан жиддий қабул қилинишини хоҳлардим. Қирғиз ҳукуматининг ҳисоботга, айниқса, инсониятга қарши жиноятлар масаласига танқидий муносабатда бўлгани бизга яхши маълум. Аммо, ўз ўрнида, қирғиз ҳукумати ҳисоботга берган изоҳида қийноқ ва номақбул муносабатда бўлиш ҳоллари анчайин кенг тарқалгани ва уларнинг олдини олишга муваффақ бўлмаганликларини ҳам тан олган. Ва келажакда бу каби ҳолларнинг олдини олишга қаттиқ ҳаракат қилишга ҳам ваъда берган. Айни ўринда шу нарсани таъкидлаб ўтишни истардимки, қирғиз ҳукумати халқаро мустақил тергов ҳайъатининг тавсияларини шунчаки инкор этолмайди. Чунки ҳайъатнинг хулосаларига кўпчилик умид кўзларини тиккан. Уларнинг орасида Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ҳам бор. Шунинг учун ҳам, унинг жиддий қабул қилиниши ниҳоятда муҳимдир. Бундан ташқари, халқаро мустақил тергов ҳайъатининг ҳисоботи ўзбек ва қирғиз тилларига таржима қилиниб, кенг оммага тарқатилиши лозим. Аммо бизни хавотирга солаётган нарса шуки, ҳайъат ҳисоботни таржима қилиш ва тарқатиш вазифасини қирғиз ҳукумати зиммасига юклаган. Биз эса, ушбу ҳисоботнинг имкон даражада катта сондаги аҳоли орасида тарқатилиши, улар ҳисоботни бевосита ўқиб чиқиб, унинг қанчалик холис ёки нохолислиги борасида ўзлари бир хулосага келишларини истаймиз.

Би-би-си: Сизлар ҳам, халқаро мустақил тергов ҳайъати ҳам ҳисоботларингизда июн воқеалари чоғида содир этилган жинсий зўравонлик ҳолларига тўхталиб ўтгансиз. Масаланинг қанчалик қалтис экани назарда тутилса, бу каби ҳолларни самарали ўрганишнинг иложи бўлармикан?

Мейзи Вайшединг: Ҳа, жинсий зўравонликлар билан боғлиқ ҳолатлар ниҳоятда нозик масаладир. Айнан шу нарса биз, бошқа маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ва халқаро ёрдам ташкилотлари тўқнаш келаётган асосий муаммодир. Зўрланган аёллар нафақат номусдан, балки масъуллар томонидан хавфсизликлари буткул таъминланмагани учун ҳам бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқишади. Менимча, агар қирғиз ҳукумати ушбу ҳодисаларни синчиклаб ўрганмоқчи бўлса, улар ёрдамга чақиришлари мумкин бўлган халқаро экспертлар бор. Чунки бу каби можаролар чоғида биргина жинсий зўравонликларнинг ўзи содир этилмайди. Дейлик, Боснияда, Конго Демократик Республикасида ишлаган мутахассислар келиб, кўмак беришлари мумкин. Аввалбошдан халқаро ҳамжамият ҳам бу масалада ўз ёрдами, тажрибасини таклиф этиб келади. Демоқчиманки, агар қирғизистонлик масъуллар жинсий зўравонлик ҳолларини жиддий ўрганмоқчи бўлишса, бунинг имконияти бор.