Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўш ҳокимиятида "Шоқол даври" китобини ёқиш тадбири ўтказилди

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳокимиятида ўтган йил июн ойида мамлакат жанубида юз берган этник низолар ҳақида ҳикоя қилувчи "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" номли китоб нусхалари ва видео дискларни ёқиш тадбири ўтказилган.

Ушбу тадбир Ўш шаҳри ҳокими Мелис Мирзакматов бошчилигидаги шаҳар раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган.

Унда қирғиз ва ўзбеклар дохил 600 га яқин одам иштирок этган.

Қирғизистон Халқлари Ассамблеяси Ўш вилояти бўлими бошлиғининг муовини Пўлат Собиров Би-би-си билан суҳбатда табдирни ўтказишдан мақсад Қирғизстон жанубида юз берган қонли ҳодисаларнинг бир йиллигини "тинч-омон ва хотиржамликда ўтказиш" эканини айтди.

Тўрт ҳафта муқаддам Қирғизистон Бош прокуратураси "Шафқатсизлик фалсафаси. Шоқол даври" ва "Шафқатсизлик фалсафаси. Геноцид давом этмокда... Шоқоллар ҳали кетмаган" номли китоблари таъсирида миллатлараро адоватни қўзғатиш ҳаракатлари буйича жиноий иш очганди.

Китобларда Қирғизстон жанубидаги Ўш ва Жалолобод каби ўзбек маҳаллаларининг ишғоли, аёллар ва болаларга қарши ҳужумлар, тириклайин ёқиб юборилган инсонлар акс этган суратлар ўрин олган.

Мазкур нашрлар Қирғизистон ҳудудида, айниқса жанубда, норасмий ҳолда номаълум шахслар томонидан тарқатилаётгани айтилади.

Ўшлик ҳуқуқбон Равшан Гапиров шаҳар ҳокимияти томонидан ўтказилган тадбир ҳақида унда иштирок этган аёлга иқтибосан сўзлаб берди.