Ўзбекистон Ҳиндистон бозорига кўз тикмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFPGetty
Image caption Бундан қарийб 20 йил аввал Президент Каримовнинг хорижга биринчи сафари ҳам Ҳиндистонга бўлган эди

Ҳиндистонга давлат сафари билан борган Президент Ислом Каримов Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх билан нефт ва газ дохил, икки томонлама ҳамкорликка доир 10 га яқин ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда.

Ҳиндистон Қорақалпоғистондаги газ заҳираларини тадқиқ этишга қизиқиш билдиргани айтилади.

Икки давлат Афғонистон борасида ҳам муштарак қарашларга эга экани маълум.

Президент Каримов бундан қарийб 20 йил аввал биринчи хорижий сафар билан Ҳиндистонга борган эди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи ҳақидаги фотолавҳа

Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Россия, Хитой ва Оврўпо бозорларига кўз тикиб келган.

Хўш, ҳинд бозори Ўзбекистонга нималарни ваъда қилиши мумкин?

Би-би-си ушбу савол билан Деҳлидаги Жавоҳарлаъл Неру университети профессори, Марказий Осиё буйича эксперт Кулбхшон Варикуга мурожаат этган.

Кулбхшон Варику: Ҳиндистон яхши суратларда ривожланаётган фармацевтика, ахборот технологиялари ва нефтни қайта ишлаш ва хизматлар секторига эга. Шу маънода Ҳиндистон Ўзбекистонга кўп нарса таклиф қила олади. Аммо ўртада коммуникация муаммоси бор, икки давлат муштарак чегарага эга эмас. Ҳиндистоннинг қўшниси бўлган Покистон хҳнд юкларини ўз ҳудудидан ўтказмайди. Ҳозирда Ҳиндистон Покистонни четлаб ўтадиган икки транспорт йўли лойиҳасига қизиқиш билдирмоқда. Ҳар икки лойиҳа Тошкентдан бошланади ва улардан бири Мозори Шариф ва Ҳирот орқали Афғонистоннинг беқарор шарқий минтақасини четлаб ўтади.

Би-би-си: Аммо Афғонистондаги беқарорлик назарда тутилса, бу лойиҳаларни амалга ошириш қанчалик реал?

Кулбхшон Варику: Ҳиндистон Афғонистондаги Заранж - Дилором йўлини қуриб битказди. Толибоннинг қаттик қаршилигига қарамай, муваффақиятли қуриб битказилган бу йўл Ҳиндистонни Марказий Осиё билан боғлайди. Ўзбекистон қадимдан Афғонистон шимоли билан савдо- маданий ришталар билан боғланган. Афғон шимолида катта сондаги ўзбек аҳолисининг борлиги ҳам муҳим омил. Ўзбекистон ҳозирнинг ўзида Афғонистон шимолини электр энергияси билан таъминлаяпти ва темир йўлни қуриб битказди. Бу икки давлат ўзаро лойиҳаларни амалга ошириш, мувофиқлаштиришда катта ҳамкорлик истиқболларига эга.

Би-би-си: Куни кеча Покистон полицияси Кветтада ўзбек жангариларини ўлдиргани ҳақида хабар олинди. Ҳиндистон ўзбек жангариларининг ўз ҳудудига сизиб ўтишидан хавотирланадими?

Кулбхшон Варику: Покистоннинг, айниқса, Вазиристон каби қабила ҳудудларида ҳар доим ўзбек жангарилари, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати амал қилиб келган. Фақат ўзбек эмас, чеченлар ва уйғурлар ҳам. Жангариларнинг, уларнинг миллатидан қатъий назар, Покистондаги иштироки Ҳиндистонни ҳамма вақт хавотирга солиб келган. Уларнинг Тожикистон ёки Қирғизистон орқали Ўзбекистонга сизиб ўтиш хавфи ўзбек ҳукуматини ҳам хавотирга солиб келади. Ҳиндистонниннг ҳозирда Ўзбекистон раиси булган ва қароргохи Тошкентда жойлашган Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг аксилеттеррор бўлинмасига қўшилиш истагини ҳам шу билан тушунтириш мумкин. Аммо бунинг учун Ҳиндистон ШҲТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши керак. Ҳозирда бу борада музокаралар кетаяпти ва Бош вазир Сингх билан Президент Каримовнинг учрашуви кун тартибида ҳам ушбу масала бор.

Би-би-си: Президент Каримов катта давлатлар ўртасидаги рақобатдан кўпрок нарса ютиб қолишга қаратилган ташқи сиёсати билан ҳам машҳур. Ҳиндистондан аввал у Хитойга ҳам давлат ташрифи билан борганди. Жаноб Каримов ўтмишда Вашингтон ва Москва ўртасида бўлгани каби, Пекин ва Деҳли орасида ҳам ўйин қилиши мумкинми?

Кулбхшон Варику: Биласизми, бу ерда Хитойни Ҳиндистон билан солиштириш қийин. Чунки Хитой Марказий Осиё билан умумий чегараларга эга ва минтақа, жумладан, Ўзбекистонда ҳам аллақачон оёғини қўйиб олган. Президент Каримовнинг ўзбек модели ҳам Ҳиндистондан кўра Хитой моделига яқинроқ. Ҳиндистоннинг эса минтақада катта давлатчилик қиламан, деган даъвоси йўқ. Ҳиндистон минтақа, жумладан, Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш ниятида.