Қозоғистон ва Хитой ўртасида дунёда энг йирик чегара олди маркази қурилмоқда

Хоргос маркази

Қозоғистон ва Хитой ўртасида дунёда муқобили бўлмаган чегара олди ҳамкорлик марказини қуришмоқда.

Икки мамлакат чегарасида жойлашган ушбу марказнинг катталиги 528 гектарни ташкил қилади ва ушбу ҳудудида савдо сотиқдан тортиб, бизнес юритиш имконлари бўлиши вада қилинмоқда.

Марказ қурилгач, икки давлат фуқаролари унинг ичида визасиз савдо сотиқ қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳамкорлик маркази доирасида Қозоғистон ўз ҳудудида 70 минг кишилик туман қурмоқчи, Хитой эса бошланишига 250 мингдан зиёд аҳолиси бор шаҳар қуришни режалаштирган.

Қозоғистонлик зиёлиларни мамлакатнинг шундоққина чегарасида бундай катта Хитой шаҳарининг барпо этилиши хавотирларга сола бошлаган, дейди Хоргос чегара олди халқаро ҳамкорлик марказининг Қозоғистон томонидаги қурилишларини бориб кўрган Би-би-си мухбири Шодиёр Сайф.

Хоргос чегара олди ҳамкорлик маркази

Мен кенглиги 185 гектар жойда қурилиши олиб борилаётган нуқтада турибман. Қозоғистон томонидан қурилаётган ҳамкорлик марказининг катталиги айнан шунчани ташкил қилади.

Йўллар, кўприклар билан бирга ҳаво қўналғасини эслатиб юборувчи бир бирига ўхшаш икки бино қуриб битказилган. Бу бинолар чегара ўтиш нуқтаси бўлиши ва 528 гектардан иборат ноёб марказга кириш ва чиқиш қайдлари ўтказилади.

Ушбу чегара ўтиш нуқтаси Қозоғистоннинг қуруқликдаги мен кўрган чегара ўтиш нуқталари ичида энг ҳашаматлиси бўлса керак.

Мутахассислар Хоргос чегара олди халқаро ҳамкорлик марказини келажакда улкан савдо мажмуасига айланишини айтишади. Ушбу марказда йилиги миллиард миллиард доллар Қозоғистон ва Хитой ўртасида айланиши кутилмоқда.

Ушбу марказда қурилиши ишлари жаддаллик билан амалга оширмоқда.

Қозоғистон томонидаги қурилиш ишларига 2,5 миллиард доллардан кўпроқ пул кетиши кутилмоқда.

Унда беш юлдузли меҳмонхоналардан тортиб, сайёҳлик марказлари, хиёбон, товарларни бошқа юк машинага ўтказиш ва сақлаш учун махсус павилионлар қурилиши кутилмоқда.

"Хоргос" чегара олди халқаро ҳамкорлик маркази капитал қурилиш департаменти директори Улан Жазилбекнинг айтишича, айни кунларда Қозоғистон ва Хитой ўртасида бир кеча кундузда 100 та юк машинаси ўтаётган бўлса марказ ишга тушгач бу кўрсатгич 500 тага етади.

Аммо оддий чегара ўтиш нуқтасидан марказнинг фарқи шундаки, бу ерга келган одамлар фақатгина 500 гектардан ортиқ марказ ичида юриш билан чекланади.

Хитойнинг ёда Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига ўта олишмайди.

Олиб келинган юклар ҳам марказдаги махсус павилионларда бошқа машиналарга юкланиб олиб кетилади.

Халқаро ҳамкорлик маркази матбуот котиби Галина Алкешеванинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари ҳам Қозоғистонда юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари билан ушбу марказнинг ҳам Қозоғистон ва ҳам Хитой ҳудудида визасиз 30 кун юриши мумкин.

Марказнинг нафақат Қозоғистон ҳаёти учун балки ғарбий Оврўпадан ғарбий Хитойга қурилаётган йўлда жойлашган давлатлар учун ҳам аҳамиятли бўлиши айтилмоқда.

"Хоргос чегара олди маркзи Оврўпа давлатлари учун ҳам муҳим нутага айланиши мумкин. Ғарбий Оврўпадан Ғарбий Хитойга тортилаётган йўл ва ушбу марказ бир бирини тўлдириши мумкин", дейди eurasianet.org сайти муҳаррири Жуллиана Лилс.

Айни дамларда Хоргос чегара нуқтасига олиб келувчи йўллар ўта тор, аммо кейинчалик биринчи даражали 5 қаторли автомобил ва темир йўл солиш кутилмоқда.

Марказми ёки шаҳар?

Қуриб қолган дарёнинг нариги томонидаги Хитой чегарасида ҳам ишлар қизғин кетмоқда.

Хитойликларнинг қозоғистонликларга нисбатан кўпроқ биноларни қуриб битказганини кўриш мумкин.

Айнан Хитойнинг чегара лабида бошланишига 250 минглик шаҳар солиши қозоғистонлик зиёлиларни хавотирга солиб қўйган.

"Ҳайрон қолган нарсам, қандай қилиб чегарада 200 минглик шаҳар қураяпти. Биз уларга қурманглар деб айтолмаймиз. Чунки улар ўз ерида солаяпти. Биз эса чегарада жойлашган Норинкўл туман марказини ичкарироққа олдик. Ҳукумат бу билан хитойликлларга сарҳадларимизга кириш учун йўл очмоқдами? Шу масалаларни жамаотчилик орқали кўтаришимиз керак. Биз хитойликларга шаҳар солма деб айтолмаймиз, биз ҳам 200 минг кишилик шаҳар қуришимиз керак," - дейди Қозоғистон Журналистлар Иттифоқи раҳбари Саидқази Матаев.

Қозоғистон томонидан қурилаётган марказда атиги 70 минг иши ишлаб яшаши мумкин. Ушбу лойиҳа 2018 йилда бутунлай ишга тушиши режалаштирилган.