Июн қирғинида бошпанасиз қолганларга доимий уй-жойлар тикланади

Дания Қочқинлар Кенгаши ўтган июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли этник низолар сабаб бошпанасиз қолган катта сондаги жабрдийдаларга доимий турар-жойлар қуриб бермоқчи.

Бу ҳақда кенгашнинг расмий веб саҳифасида эълон қилинган.

Унда айтилишича, янги лойиҳа ортга қайтган қирғизистонлик ўзбек қочқинларининг ҳаётларини тиклаш йўлида олиб борилаётган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

Ўзбек қочқинлари Қирғизистон жанубидаги қишлоқларига қайтишганда, уйлари ёниб кул бўлган ва кўчалари ҳувиллаб ётганди. Ўтган июн ойидаги миллий низолар сабаб ўз уй-жойларини ташлаб чиққан аксарият қочқинлар эса, Ўшга қайтишди. Ҳозир уларнинг вайрон бўлган ҳовлиларини тиклаб бериш учун кенг кўламли лойиҳага қўл урилди, дейилади ташкилот тарқатган хабарда.

Дания Қочқинлар Кенгаши ушбу лойиҳани ACTED инсонпарварлик ёрдам ташкилоти билан ҳамкорликда амалга ошириш ниятида эканини айтади.

Халқаро ташкилот мувофиқлаштирувчисига кўра, бу мислсиз лойиҳадир.

"Биз қисқа вақт ичида қирғизистонлик ўзбеклар учун муваққат уй-жой тиклашга муваффақ бўлдик. Энди эса, ўз саъй-ҳаракатларимизни доимий турар-жойлар қуриб беришга йўналтирмоқчимиз," дейди Йоҳаннесен хоним.

Ўн минг киши доимий бошпаналик бўлади

Ўзек қочқинлари учун доимий бошпана тиклашга қаратилган лойиҳа Осиё Тараққиёт Банки томонидан молияланган ва Қирғиз ҳукуматининг розилиги билан амалга оширилади.

Кенгашга кўра, қурилиши режаланаётган 1.600 дан ортиқ янги уй-жойлар орқасидан 10.000 киши доимий бошпаналик бўлиб қолади.

Қирғизистон жанубидаги маҳаллий ўзбеклар ва қирғизлар орасида келиб чиққан миллий низолардан расман беш юзга яқин кишининг қурбон бўлгани айтилади.

Юз берган қонли тўқнашувлар сабаб эса, 350.000 дан ортиқ киши ўз турар-жойларини талаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Минглаб уй-жойлар, бинолар ва тижоратларга вайрон этилганди.

Низолардан қисқа вақт ўтмай, кенгаш қочқинларни бошпана билан таъминлашга қаратилган лойиҳанинг қисман ижросига киришган, бу эса, уларнинг хавфсиз ортга қайтишлари ва вақтинчалик уй-жой билан таъминланишларига замин яратганди.

Янги лойиҳага қўшимча ўлароқ, Дания Қочқинлар Кенгаши UNHCR кўмаги билан жабрдийдаларга қурилиш ишларига рухсат олиш, ер ва мол-мулкка эгалик масалаларида ҳам ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам беришни кўзлаётир.

Халқаро ташкилот ҳовли-жойлар ортга қайтган қочқинларнинг шахсий мол-мулклари бўлиб қолишини таъминлаш - лойиҳанинг муҳим бир қисми эканини айтади.

Ўш вилояти сейсмик ҳудудда жойлашгани боис, янги турар-жойлар маҳаллий анъаналарга мувофиқ, аммо зилзилабардош қилиб қурилади, дейди кенгаш.

Икки мингга яқин уй-жойнинг жорий йил ичида қуриб, битказилиши режаланган.