Россия: Михаил Ходорковский ўзига чиқарилган ҳукмни бекор қилишни сўради

Ходорковский ва Лебедев Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Михаил Ходорковский (чапда) Кремлнинг ашаддий танқидчиларидан ҳисобланарди

Москва шаҳар суди "Юкос" нефт ширкатининг асосчиси Михаил Ходорковский ва унинг бизнес шериги Платон Лебедевнинг шикоят аризасини такроран кўриб чиқаётир.

Маҳкама жараёнида сўз олган Михаил Ходорковский ўзига нисбатан чиқарилган охирги ҳукмни "беъмани" дея баҳолади ва уни бекор этишни талаб қилди.

Аммо жаноб Ходорковский ўзига нисбатан чиқарилган иккинчи ҳукмнинг бекор этилишига кўзи етмаётганини билдирди.

"Менинг тақдирим маҳкамаларда ҳал этилмайди," деди Михаил Ходорковский ўз чиқишида. 18-май куни матбуот йиғилишида Ходорковский ҳақида берилган саволга Президент Дмитрий Медведев "Юкос" ширкати собиқ раҳбарининг қамоқдан чиқарилиши "жамият учун хатарли эмас," деб жавоб қайтарди.

"Савол ҳам жавоби ҳам қисқа – Ходорковский жамиат учун умуман хатарли эмас," деди Президент Медведев. Михаил Ходорковский ва Платон Лебедев адвокатлари фикрларича, чиқарилган ҳукм "адолатсиз ва қўйилган айбловлар исботланмаган".

АҚШ ва Оврўпо давлатлари Ходорковский ва Лебедевга нисбатан чиқарилган сўнгги ҳукмни қаттиқ қоралашганди.

"Афтидан бу қарорни қабул қилишда сиёсий важлар рол ўйнади," - деб айтганди Олмония кантслери Ангела Маркел.

Ўз навбатида Россия ҳукумати расмийлари Ғарб танқидларини рад этиб келишади.

Бир вақтлар Россиянинг энг бадавлат ишбилармони саналган жаноб Ходорковский 2003-йилда товламачилик ва давлатга солиқ тўлашдан бош тортиш айблари билан ҳибсга олинди.

Москва маҳкамаси Россия Бош вазири Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Михаил Ходорковский ва унинг шериги Платон Лебедевни 1998 - 2003 йилларда 27 миллиард долларлик нефтни ўғирлашда айбдор деб топди ва 8 йилга озодликдан маҳрум этди.

Ўтган йил декабрида икковлонга яна олти йиллик қамоқ жазоси тайинланди.