Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муносабатлар ўта нозик қолмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ўтган йилги миллий низоларда кўплаб маҳаллалардаги уйлар куйиб кул бўлганди

Қирғизистон ҳукумати мамлакат жанубида қонли миллий низолар юз берганига бир йил тўлиши арафасида хавфсизлик чораларини кучайтиришга буйруқ берган.

Расмийлар ва шарҳловчилар хавфсизлик вазияти омонатлиги ва янги зўравонликлар келиб чиқиши эҳтимолларидан огоҳлантиришади.

Айни пайтда янги можароларнинг олдини олиш учун миллатлар ўртасида тинчликни тарғиб қилиш, миллий тоқатбарорликка ундашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам йўлга қўйилган.

Яқинда Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзақматов ҳам шаҳар расмийлари янги этник зиддиятнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришларини айтганди.

Жаноб Мирзақматов "бу йил ҳам осойишта эмаслиги ва нималар юз бериши мумкинлигини башорат қилолмаслиги"ни алоҳида таъкидлаганди. Ўш шаҳар ҳокимига кўра, Қирғизистон жанубидаги "экстремист ва миллатчи-бўлгинчи гуруҳлар беқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятдан фойдаланиб, минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришлари мумкин".

Ўтган йилнинг июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган қонли низоларда аксарияти ўзбеклардан иборат минглаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ўшликлардан бири ҳодисалардан бир йил ўтиб ҳам, икки миллат вакиллари ўртасидаги муносабатлар ўта нозик қолаётгани, ўзбекларининг ҳақ-ҳуқуқлари топталаётганидан шикоят қилади.

У ҳафта бошларида Ўш шаҳри маҳаллаларидан бирида ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб одамлар ўртасида келиб чиққан можаро ҳақида гапираркан, ҳуқуқ-тартибот органлари жанжални бартараф этиш учун етарли ёрдам кўрсатмаганини айтади.

"Миллатчилик бўлиб қолаяпти-да, қачон бу нарса тўхтайди...на эркакларимиз кўчага чиқсин, на иш жойлар бор., яшашни энди қўяверинг, чет эл берган нималар билан кун кўряпмиз-да...", дейди у.

Суҳбатдошга кўра, хавфсизлик хавотирлари боис ҳали ҳам маҳаллий одамлар кечқурунлари кўчаларга чиқишга қўрқишади.

"Асрдан кейин, соат 5-6дан кейин ўзбеклар йўқ кўчада", дейди у.