Қозоғистон ва Беларус нефт соҳасида ҳамкорликни кучайтиришмоқчи

Нурсултон Назарбоев ва Александр Лукашенко Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Нурсултон Назарбоев ва Александр Лукашенко Беларусга нефт ва нефт маҳсулотлари етказиб бериш бўйича битим ишлаб чиқиш юзасидан келишганлар.

Остонада қозоғистонлик ҳамкасби билан учрашган Беларус Президенти Александр Лукашенко ана шундай таклиф билан чиққан. Беларус Қозоғистон нефтини ўз ҳудудида қайта ишланишидан манфаатдор.

У собиқ шўро давлатлари ичида нефт маҳсулотларини қайта ишлаш заводларига бой республика ҳисобланади. Ўз навбатида Қозоғистон нефт кўп, аммо қайта ишловчи заводларнинг етишмаслиги натижаси расмий Остона нефтни деярли хом ашё сифатида сотишга мажбур.

"Умуман олганда тадбиркорларингиз ва ташкилотларингиз фаолияти учун мақбул режим бўлган Беларус ҳудудига ишонсангиз бўлаверади. Қозоғистонда ишлаб чиққан ҳар бир нарсани Беларусда қайта ишлашингиз ва Оврўпа давлатларига сотишингиз мумкин", деган Лукашенко жаноблари.

Беларус Президенти қозоқ нефтини ўз давлатига етказишда сунъий тўсиқлар олиб ташланишига умид қилишини айтди. Айни пайтда икки мамлакат ҳам МДҲ, Оврўосий иқтисодий жамоаси, Оврўосиё иқтисодий ҳамжамияти, ягона Божхона иттифоқи ҳамда Ягона иқтисодий ҳудуддаги ҳамкорликлари алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашган.

Божхона иттифоқи Қозоғистон, Беларус ва Россия давлатлари ўртасида тузилган. Тузилма қоидаларига кўра, ушбу давлатлар орасидаги товарлар ҳеч қандай божхона тўловларисиз айланиши назарда тутилган. Аммо, минтақадаги энг йирик нефт экспортчиси бўлган Россия давлатининг талаби билан ушбу эркинлик нефт маҳсулотларига тадбиқ этилмайди.

Ушбу англашмовчилик Россия ва Беларус ўртасидаги алоқаларнинг бироз совуқлашувига олиб келган ва Беларуснинг Божхона иттифоқига аъзо бўлишини ортга сурганди.

Ҳудудида нефтни қайта ишлаб, уни Оврўпа давлатларига экспорт қилишга катта имкониятларига эга Беларус ушбу тўсиқни олиб ташлаш учун Қозоғистон томонини кўндиришга уринаётгани айтилмоқда.

Ўз ўрнида Қозоғистон президенти икки давлат ўртасида энергетик масалаларни ривожлантиришда улкан имкониятлар борлигини қайд этган.

Қозоғистон ва Беларус давлатлари сиёсий саҳнада бир-бирини фаол қўллаб келса-да, ушбу икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳавас қиларлик даражада эмас.

Икки давлат ҳам божхона иттифоқи доирасида яқинлашиши оқибатида савдо айланмаси ўтган 1,5 баробарга ўси 650 милион долларга етган.

Ушбу кўрсаткич Қозоғистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорлари бўлмиш Россия, Хитой ва Туркия давлатлари билан солиштирганда жуда паст. Аммо, МДҲ давлатлари ичида Қозоғистон Беларуснинг 3 энг йирик савдо иқтисодий ҳамкоридан биридир.

Икки давлат раҳбарлари учрашув чоғида қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишган.

Бундан ташқари, қозоғистонлик тадбиркорлар учун Беларус ишлаб чиқариш корхоналарини хусусийлаштириш юзасидан ҳам имкониятлар очилиши мумкин.