Гуржистон мустақиллик куни қонли намойишга айланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Гуржистон Мустақиллик байрами аксилҳукумат намойишчилари ва хавфсизлик кучлари орасидаги қонли тўқнашувга айланиб кетган

Гуржистон ўз мустақиллигининг 20 йиллигини нишонларкан, бир неча кунлик аксилҳукумат намойишлари зўравонлик тусини олган.

Пойтахт Тбилисидаги парламент биноси олдидаги намойишчиларга қарши ҳукумат кучлари кўздан ёз сиздирувчи газ ва сувотар тўпларни ишга солишган.

Шундан сўнг намойишчилар хавфсизлик кучларига қарши ҳаракат қилишган.

Юзага келган тўқнашувларда бир полиция ходими дохил икки инсон қурбон бўлган. Расмийларга кўра, бу икки қурбонни намойишчилар ўтирган автомашина босиб кетган.

Ўнлаб одамлар жароҳат олишган. Аммо ҳибсга олинганлар борасида зиддиятли хабар келмоқда.

Мухолифат телеканалларига кўра, ҳукумат куч билан намойишчиларни тарқатишга интилган.

Намойишчилар Президент Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилишмоқда. Уларга кўра, Гуржистон президенти яккаҳоким бошқарув усулига ўтмоқда ва мамлакатдаги қашшоқликни тугатиш йўлида берган ваъдаларини бажармаган.

Мухолифат олдинроқ Мустақиллик Парадини бузишга чақирганди.